Тармоқларда Навоий вилоятида эркак марказий поликлиника биносининг 3-қаватидан ўзини ташлагани айтилган хабарлар юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати маълумот берди.

Маълум қилинишича, 16 октябрь куни соат 14:10 лар атрофида Навбаҳор туманида яшовчи (Кармана туманида доимий рўйхатда турган) 1968 йилда туғилган фуқаро С.С. Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Навоий филиалига бош оғриғи, бош айланиши, умумий қувватсизлик шикоятлари билан мурожаат қилиб келган. Беморнинг сўзларига кўра, унда шифохонага келишидан 30 дақиқа аввал кўчада тутқаноқ хуружи кузатилган.

Текширувлар натижасида фуқаро С.С.га «бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, бош энса соҳаси юмшоқ тўқималари лат ейиши ва тутқаноқ хуружи» дастлабки ташхиси қўйилган.

Шундан сўнг, у муассасанинг нейрохирургия бўлимига ётқизилиб, белгиланган стандартлар бўйича тиббий текширувлардан ўтказилган ва зарур муолажаларни олган. Шунингдек, беморда 18 октябрнинг биринчи ярмида юқори диагностик — МСКТ текшируви ўтказилиб, унинг бош мия соҳасида органик ўзгаришлар аниқланмаган.

Бироқ шу куни соат 15:00 лар атрофида бемор С.С. 3-қаватдаги 2-палата деразасидан номаълум сабабларга кўра ўзини ташлаб, вафот этган.

Бош прокуратура матбуот хизматининг қайд этишича, ҳозирда тергов-тезкор гуруҳи томонидан воқеа жойи кўздан кечирилмоқда. Шунингдек, содир этилган ҳодисанинг сабаблари аниқланмоқда.