«Газета.uz» ўзбек тилига давлат тили мақоми берилганлигининг 33 йиллиги муносабати билан октябрни — «Ўзбек тили ойлиги» деб эълон қилди. Мазкур ойлик давомида таҳририят жамоаси ҳар куни ўтган вақт ичида турли нашрларда чоп этилган, долзарблигини ҳануз йўқотмаган мақола, нутқ, фиқраларни қайта бериб боради.

«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1991 йил октябрдаги сонида эълон қилинган мақолада Ирисали Тошалиев бугунги кунда ўта долзарб бўлган қуйидаги гапларни айтганди:

Эътибор беришларини кутиш бефойда — ҳайқириш керак!

Очиғи, она тилига муносабат хусусида вазминлик мезонидан бир парда баландроқ руҳда сўз юритиш зарурга ўхшайди ҳозирги вазиятда. Она тилинг билан фахрланиш ҳисси, ифтихорлик туйғусидан баралла сўзлаш лозим; уни эъзозлашдан, ардоқлашдан чарчамаслик зарур. Бор овоз билан «она тилим — доно тилим», деб ҳайқириш даркор. «Тилга ихтиёрсиз — элга эътиборсиз»ларнинг эътиборини тортиш учун, лоқайдларни карахтлик уйқусидан уйғотиш учун шундай қилиш керак. Илло, бепарволик билан беписандликнинг ораси бир қадам, холос.

Давлат тили ҳақидаги Қонун ижроси йўлидаги тўсиқлар ҳам лоқайдлик, беписандлик туфайли эмасми!

Байналмилаллаштириш, яқинлаштириш орқали ягона ва умумий социалистик миллат тилини яратишдай лисоний мафкура миллий тилларнинг имтиёзини чеклаб, имкониятини сустлаштириб, мавқейини пастга туширди, уларнинг табиий тараққиётига халал берди. Оқибатда азим дарахт янглиғ буюк тилимизнинг яшил барглари (луғат бойлиги), шох-бутоқлари (амалий услублари) ўз гўзаллиги ва жозибасини йўқотиб, сўлғин бир ҳолга келди.


«Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси 1991 йил 18 октябрь.

Илмий-маърифий адабиётларда ҳам, адабий-танқидий манбаларда ҳам аксарият тилнинг муҳим алоқа воситаси эканлигини қайд этиш билан чекланилган. Илмий ҳақиқатга зид эмас бу таъриф, аммо рангсиз, ҳис-туйғудан маҳрум. Чунки восита, қурол сингари лоқайд калималар ёрдамидагина тилимизнинг руҳини, жозибали моҳиятини кўнгилдагидек очиб бериш қийин. Тилимизга ёпирилиб, бостириб кираётган сўзларни ҳисоб-китоб қилиб, уларнинг йилдан-йилга фоизма-фоиз ортиб бораётганлигидан ғурурланадиган бўлиб қолдик. «Эски» луғат қазноғига бадарға бўлаётган ўз сўзларимиз ҳақида қайғурмадик. Она тили тавсифи рангсиз илмий атамалар тизмасию қатлам-қатлам қоидалар тузугига, фойдасиз математик ҳисоб-китоблар мажмуига ўхшатиб қўйилди. Нутқ маданияти эса ягона ва умумий деб сифатланган мажбурий норма қуюшқонига солинди. Хуллас, она тилини баайни қассоблардек қисм-қисмларга, бўлак-бўлакларга ажратиб, қатлам-қатлам қилиб тахлашга ва уларни алоҳида-алоҳида ўрганишга ружу қўйдик. Ҳа, тилимизни восита, қурол дедигу унинг ишлаши, имконияти, имтиёзига панжа орасидан қарадик.

Адабиёт илми ҳам сиёсатга қоришиб кетди. Адабиётшунослик асар мазмунини бадиий либосидан яланғочлаб қайта шарҳлаш ва баҳолаш илмига, танқидчилик қаҳрамонларнинг ижобию салбийлигини, типларию турларини аниқлайдиган тергов маҳкамасига айланишига оз қолди. Бадиий сўзнинг жозибасига эътибор бермай қўйилди. Адабиёт муаллимидан Мулла нима учун Кўканга тариқ эк, деб маслаҳат беради, нега буғдой ёки арпа эк демайди, деб сўраб кўринг-чи. Ишончим комилки, бунга уларнинг кўпчилиги асосли жавоб беролмайди. Ғафур Ғуломнинг «Кўкан» поэмаси ҳақида гап кетганда мен бу саволни кўпларга берганман, ҳатто айрим адабиётшунос олимларга ҳам.

Кўканнинг тариқ экиши боиси Қуръон сўзларини билмай «вассамои ватториқи» калимасини тариқ сўзи билан қориштирган оми домланинг чўпчаги. Буни: «Вас самои ватториқи» Қуръонда бор… Болам Кўкан, худо тариқ эксин деган", гапдан ўқиб олиш қийин эмас, агар сўзга, сўз англатган тасаввурлар оламига бефарқ бўлинмаса. Сўз маъносини билмай доноликни даъво қилувчиларга нисбатан аччиқ киноя бор бу мисраларда. Бу киноя она тилига, сўзга беписанд кишиларнинг барчасига ҳам тааллуқли.

Бюрократик маҳкамалар ҳам ўзининг мафкуралаштирилган луғати тизмасини, сийрати қалтироқ ифодалар дастасини ижод қилди.

Сўзлар маъноси ўз моддий заминидан узилиб қолди: ўғрилик, қотиллик каби жиноятларни салбий ҳодисалар, қамоқхоналарни ахлоқ тузатиш жойлари деб ишлатадиган бўлиб қолдик. Ахир бурч, ҳуқуқ, ҳақиқат, тенглик, биродарлик, эркинлик, мустақиллик, ошкоралик сингари калималарни илгарилари — турғунлик йиллари ишлатмасмидик. Ишлатардик, лекин маъноси, моҳияти бошқачароқ эди ҳозиргидан. Уларнинг маъноси мафкура мақсадига мувофиқлаштирилган эди. Сўз маъноларидан фойдаланишда ҳам қўшиб ёзиш урф бўлганди. Бир хил фикрлаш бир хил ифода йўсинини, жўровоз услубни қарор топтирди. Бир хил мафкуравий-маънавий зўрлик сўзларни ҳам инқирозга олиб келди. Шу боис Д. Қўғултинов айтганидек, эндиликда «Коммунизм» сўзини ишлатишдан уяладиган бўлиб қолдик. Социализм калимасини етмиш йилдан бери тўтидек такрорлаб, бугун унинг моҳиятини аниқлай олмай баҳслашиб турибмиз.

Бу пардали тил «юқори»да ўзгача, «паст»да эса бошқача мазмун касб этди. Сиёсий-ижтимоий луғат фуқаролар доирасида кинояли ранг олди, оммавий ахборот, матбуот тили ҳам шунга мослашди. Ноўрин мақтову, мадҳия, ўта пардоз берилган қиёслар, ўсмаси қуюқ тортилган чучмал ташбеҳлар лавҳа ёки очерк қаҳрамонларини хижолатга соладиган бўлиб қолганди. Тилу адабиётни, санъату маданиятни мафкуралаштириш бу йўлдаги барча уринишларни рағбатлантириб келди.

Шукурлар бўлсинким, ўзбек тили давлат тили мақомига эришди. Қонун ижросининг изчил ва тадрижий тусда бориши ўзимизнинг ўз тилимизга, унинг мартабасига мувофиқ иш тутишимизга боғлиқ. Бу энг аввало, ўзбек тилини ўз тилим деб билган барча кишилардан давлат тили мақоми моҳиятини чуқур тушуниб олишдан ҳамда уни шу мақом-мавқейида ишлатишга эришишдан иборат. Она тилининг ҳақиқий мавқейи, маданий нутқ амалиёти, демак, уларнинг имконияти ва истиқболи ҳам одамларнинг меҳру, муҳаббатидан қувват олиб, шу туйғулар бағрида камол топади.

Билинган, фаҳмланган нарса тилда (нутқда), тилдагиси эса билимда зоҳир бўлади. Бошқача айтганда, биз ўйлаганда, гапиргандагина тил ишлайди, уни ишлатиш малакаси ҳам орта боради. Алишер Навоий: «Тил бунча шараф била нутқнинг олотидур ва ҳам нутқдирки, агар нописанд зоҳир бўлса, тилнинг офатидур», деб уқтирганлар. Демак, бу шарафли олотни (қурол, асбоб) беписанд, бефарқ ишга солиб, тил учун офат етказиш унинг мақомини оширмайди. Шахмат ўйнамаган шатранжни билмайди. Шатранжчининг маҳорати ўйиндан ўйинга орта боргандай биз ҳам тилдан қанча кўп фойдалансак, уни ишлатишга шунча моҳир бўламиз, унинг қоидаларини кўпроқ била борамиз.

Ўзбек тилининг ҳаракат майдонини торайтиришга, айрим соҳалар бошқарувини ўзбеклардан «муҳофаза» қилишга, буни ўзбекларнинг уқувсизлиги баҳонаси билан асослашга уринаётган маълум кучларнинг ҳам ҳиссаси бор. «Халқ сўзи» рўзномасида (1991 йил, 29 январь) келтирилган қуйидаги факт шундан далолат беради. «Ўгай муносабат» номли мақола муаллифи Иброҳим Норматнинг изтироб ва алам билан қайд этишича, Марказга бўйсунувчи «Навоийазот», «Хлопкомаш» каби машҳур бирлашмалар, Олмалиқ кон-металлургия комбинати сингари маълум корхоналар маҳкамаларида ўтирган идора ходимлар орасида ўзбекча гаплашадиган одамни тополмайсиз.

Она тилига эҳтиёж сезмаган ижтимоий шароит тирик тилни ўлдириши мумкин. Журналист Маҳмуд Марди «Ҳокимият кимнинг қўлида» («Халқ сўзи», 1991 йил, 3 январь) мақоласида шуларни ёзади: «Ҳа, Зарафшонда ўттиз йилдан бери яшаётган, шавкатли меҳнати эвазига қўша-қўша нишонлар олган, ўзбек тилини мутлақо билмайдиган кишилардан хафа бўлмаслигимиз мумкин. Аммо шу маскандаги ўзбеклар она тилларини чала-чулпа билишларини қандай баҳолайсиз? Энди уларнинг ўзлари фарзандларининг ўзбек гуруҳидаги болалар боғчаларига, мактабларига қатнашишларига монелик қилишмоқда. Зарафшонда ўзбек тилининг келажаги йўқ эмиш».

Республика прокурори Бўритош Мустафоев «Совет Ўзбекистони» рўзномаси мухбири билан қилган «Ишонч ва адолатни тиклайлик» (1991 йил, 19 январь) сарлавҳали суҳбатда айрим органларнинг тил ҳақидаги Қонун талабларини амалда бажармаётганликларига, туғилиш, никоҳ, ҳужжатларини тўлдиришга лоқайд муносабатда бўлаётганликларига оид фактларини тилга олган. Жумҳурият прокурори: «Тан олиш керакки, жумҳурият прокуратураси аппарати бу борада (яъни қонун ижросида) намуна бўлолган эмас, …ҳозирча йиғилишлар, иш юритиш ҳам рус тилида олиб борилмоқда», деб эътироф этади. Бу ҳам ўзбек тилининг фаол ишлаши учун ҳали ҳам кўнгилдагидай шароит яратилмаганлигидан бир далолат.

Расмий-идоравий иш юритишда, ҳужжатнависликда, фан-техника соҳасида ўзбек тили мавқейининг ошиши расмий ва илмий нутқ услублари тараққиётини, шубҳасиз, янги босқичга олиб чиқади. Бу борадаги изланишларсиз услуб деган созни созлаш қийин. Хулоса аниқ: хато қилишдан қўрқмай она тилини фаол нутқий вазиятда чархлаш лозим. Тил истиқболининг асосий шартларидан бири ҳам, сизу бизнинг она тилимиз олдидаги қарздорлигимизнинг боиси ҳам мана шунда.

Ирисали Тошалиев

Ушбу мақола «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасининг 1991 йил 18 октябрь сонидан олинди.