2022 йилнинг 10 октябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон ва Гайана Кооператив Республикаси ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатиш тўғрисида Қўшма коммунике имзоланди. Бу ҳақда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Икки давлат ҳукумати номидан ҳужжатни Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Бахтиёр Ибрагимов ва Гайана Кооператив Республикасининг БМТдаги доимий вакили Каролайн Родригес Биркет имзолади. Бу орқали Ўзбекистон билан дипломатик муносабатлар ўрнатган давлатлар сони 142 тага етди.

Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида қўшма ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар. Ҳамкорликнинг ўзаро манфаатли йўналишларини излаш учун икки томонлама алоқаларни давом эттириш бўйича келишувга эришилди.

Маълумот учун, Гайана Кооператив Республикаси Жанубий Американинг шимоли-шарқида жойлашган давлат. 1966 йилгача Буюк Британия таркибида «Британия Гвианаси» номи билан мустамлака бўлган. Майдони — 214 970 кв. км. Гайана ҳинд тилларининг биридан таржима қилинганда «сувлар мамлакати» деган маънони англатади.