Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 47 аъзодан иборат Инсон ҳуқуқлари кенгаши Хитойнинг Синьцзян автоном вилоятида ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича мунозара ўтказишга қарши овоз берди, деб хабар қилди кенгаш матбуот хизмати.

Женевада бўлиб ўтган БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясининг 51-сессияси доирасида пайшанба куни бўлиб ўтган овоз беришдакун тартибидаги масалани 17 давлат ёқлади, 11 давлат бетараф, 19 давлат қарши овоз берган, жумладан Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳам қаршилар томонида қолди.

Овоз беришдан олдин қизғин баҳс-мунозаралар бўлиб ўтди. Унда кенгашга аъзо бир қанча давлатлар резолюция лойиҳасини ёқлаган ёки унга қарши позицияларини билдирди. Резолюция АҚШ томонидан тақдим этилди, лойиҳага Буюк Британия, Канада, Швеция, Дания, Финляндия, Исландия, Норвегия, Австралия ва Литва ҳомийлик қилган.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашидаги АҚШнинг элчиси Мишель Тейлор таъкидлашича, Синьцзянда инсон ҳуқуқлари бузилгани ҳақидаги далиллар бир ой олдин чоп этилган БМТ ҳисоботида қайд этилган. Унинг сўзларига кўра, бу масала бўйича нейтрал форумда баҳслашиш муҳим.

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси (OHCHR) август ойидаги ҳисоботида уйғурлар ва бошқа мусулмон жамоаларига қарши содир этилган жиноятлар, жумладан, қийноқлар ва бошқа шафқатсиз муомалалар, уйғур озчилигига нисбатан жинсий ва жинсга асосланган зўравонлик ҳолатлари қайд этилган.

Хитойнинг Женевада жойлашган доимий ваколатхонаси ҳисоботни қоралади ва унинг нашр этилишига кескин қарши чиқди. Хитой дипломатлари бу ҳолатни «Хитойга қарши кучлар томонидан уйдирилган дезинформация ва ёлғон» кампанияси ва ХХР ички ишларига аралашиш дея фикр билдирди.

«Агар нишон Хитой бўлса, эртага бошқа ривожланаётган мамлакатлар ҳам нишонга бўлади. Бундай қарор лойиҳасини қабул қилишга рухсат бериш Синьцзян масалалари баҳонасида Ғарбнинг Хитойнинг ички ишларига аралашувини қўллаб-қувватлаш билан баробар бўлиб, узоқ муддатда Кенгаш фаолиятига ва инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ишига зарар етказади», — деди ХХР вакили Чэнь Сюй.

Аввалров, OHCHR бошлиғи Мишель Бачелет 31 августда ваколат муддати тугагунга қадар эълон қилмоқчи бўлган Синьцзян бўйича ҳисоботи муносабати билан ҳар томондан босим остида эканини айтганди. Бачелет 23−28 май кунлари Хитойга ташриф чоғида у билан учрашган Хитой ташқи ишлар вазири Ван И Хитой БМТ Олий комиссарининг ташрифи мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари аҳволи ҳақидаги ёлғон ва миш-мишларни йўққа чиқаришига умид қилишиниайтди.

2020 йилда Ўзбекистон илк бор БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига уч йиллик муддатга (2021−2023)сайланганди.