АҚШ Меҳнат вазирлиги Ўзбекистон пахта саноатида меҳнат шароитларини яхшилаш ҳамда мажбурий ва болалар меҳнатининг олдини олиш учун 2 миллион долларлик ҳамкорлик битими имзоланганини эълон қилди.

Молиялаштириш Ўзбекистон пахта корхоналари салоҳиятини халқаро меҳнат стандартлари ва муносабатларига мослаштиришга қаратилган.

«Ўзбекистоннинг меҳнат стандартларига содиқлиги ва қоидаларга бўйсуниши, мамлакатда етиштирилган пахтадан фойдаланиш ва унга сармоя киритишга халқаро қизиқишни жонлантирди. Ушбу иқтисодий ўсиш имкониятларидан фойдаланиш учун иш берувчилар муносиб меҳнат шароитларини таъминлаши ва ишчиларнинг овози ва ҳуқуқларини ҳурмат қилиши керак. Шу билан бирга, ишчиларга меҳнат амалиётини қонуний ҳимоя қилиш ва меҳнат қонунчилигига риоя қилиш тизимларида иштирок этиш учун воситалар керак бўлади», — деди меҳнат вазирининг ташқи ишлар бўйича ўринбосари Теа Ли.

Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи ўринда туради ва йилига 1 миллион тоннадан ортиқ пахта етиштиради, дейилади ҳисоботда. Унинг йиллик йиғими 2 миллионга яқин ишчини иш билан таъминлайди, АҚШ Меҳнат вазирлиги ҳисоб-китобларига кўра, пахта терими дунёдаги энг катта мавсумий меҳнат сафарбарлиги ҳисобланади. Бунда ишчиларнинг қарийб ярми ўзларининг йиллик даромадларини теримдан оладилар.

Лойиҳа АҚШнинг меҳнат ҳуқуқлари соҳасидаги энг йирик нодавлат нотижорат ташкилоти бўлган — «Бирдамлик маркази» (Solidarity Center), АҚШ Савдо палатаси филиали ҳамда Миллий демократик жамғарманинг тўртта асосий институтидан бири бўлган Халқаро хусусий тадбиркорлик маркази (Center for International Private Enterprise) иштирокида амалга оширилади.

Эслатиб ўтамиз, сентябрь охирида АҚШ ўзбек пахтасини болалар ва мажбурий меҳнат орқали ишлаб чиқарилган товарлар рўйхатидан чиқарди. Бунинг натижасида АҚШга пахта экспорти учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда. Бироқ, мамлакатда ипак пилла етиштиришда ҳамон мажбурий меҳнат қўлланилади, дея хабар беради АҚШ меҳнат вазирлиги.

Жорий йилнинг март ойида Cotton Campaign коалицияси Ўзбекистон пахтасига бойкотни бекор қилди. Мазкур қарор 2021 йилда мамлакатда пахта йиғим теримида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан қабул қилинди. Илк бор ўзбек пахтасига 2009 йилда бойкот эълон қилинганди.