4 октябрь куни тонгда Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳридаги «Максам Чирчиқ» АЖ қарашли 5-заводда ёнғин чиқди. Тошкент вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарига кўра, унинг оқибатида ишлаб чиқариш объекти портлаган.

Тошкент вилояти фуқаро муҳофазаси бошлиғи — вилоят ҳокими Зойир Мирзаев тегишли мутасаддиларга вазиятни зудлик билан бартараф этиш бўйича топшириқ берди, дейилади хабарда.

Ҳолатни ФВВ ва ҳуқуқ-тартибот идоралари дарҳол назоратга олган. Ҳозирги пайтда заводда ёнғинни қуршаб олиш ва ўчириш чораси кўрилмоқда.

Мазкур вазиятни келтириб чиқарган сабаблар ва оқибатлари юзасидан қўшимча ахборот берилиши маълум қилинди.

«Maxam Chirchiq» АЖ Ўзбекистонда кимё маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи асосий корхоналардан бири бўлиб, мамлакатдаги биринчи азот заводи базасида ташкил этилган. Корхона Ўзбекистонда 80 йилдан ортиқроқ вақт мобайнида минерал ўғитлар ва бошқа кимё маҳсулотларини йирик ишлаб чиқарувчиси ҳисобланади.