Андижон вилояти прокуратураси ижтимоий тармоқларда тарқалган «Избоскан туманидаги Тўрткўл шаҳарчасида 22 ёшли аёл ўз эри томонидан ўлдирилгани, қизни ҳимоясига чиққан унинг онаси ва 12 ёшли укаси ҳам ўлдирилгани ҳақида»ги ҳабарлар юзасидан муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, 12 сентябрь куни Избоскан туман «Тўрткўл» МФЙ Хотира кўчасида яшовчи фуқаро А.А. оилавий келишмовчиликлар туфайли турмуш ўртоғи Р.Ш., қайнонаси Р.М. ва қайнукаси Р.Х. билан жанжаллашиб, уларга пичоқ билан тан жарохати етказган.

Оқибатда турмуш ўртоғи Р.Ш. ва қайнонаси Р.М.лар ҳодиса жойида, қайниукаси Р.Х. шифохонада вафот этган.

Мазкур ҳолат юзасидан шу куни вилоят прокуратураси томонидан фуқаро А.А.га нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (Қасддан одам ўлдириш) 2-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари давомида А.А.га нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилди.

«Жиноят ишининг дастлабки тергов ҳаракатлари вилоят прокуратураси томонидан давом эттирилмоқда», — дейилади хабарда.