Самарқанд вилоятининг Ургут тумани «Этакбешкапа» маҳалласида тўй вақтида йўқолиб қолган 4 ёшли боланинг жасади тўйхона яқинидаги қудуқ ичидан топилди. Бу ҳақда вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар қилди.

Маълум қилинишича, 26 сентябрь куни Ургут тумани прокуратурасига туманнинг «Хўжайдуқ» маҳалласида яшовчи фуқаро ариза билан мурожаат қилиб, 25 сентябрь куни соат 16:00 ларда «Этакбешкапа» МФЙда жойлашган тўйхонага 2018 йилда туғилган набираси билан боргани ва бир оз вақтдан сўнг уни йўқотиб қўйганини айтиб, топишда амалий ёрдам сўраган.

Аризага асосан вилоят прокуратураси, вилоят ИИБ, туман ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари билан биргаликда қидирув тадбирлари амалга оширилди. Қидирувлар натижасида, 30 сентябрь куни тўйхона атрофидаги ичимлик суви қазиб олиш учун мўлжалланган 8 метрлик қудуқдан боланинг жасади профилактика инспектори томонидан топилди.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

«Шу каби ҳолатларда фарзандларни эътиборсиз қолдирмасликларини сўраб қоламиз», — дейди вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари.