Шавкат Мирзиёев республикадаги педагогларни 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни умумхалқ байрами билан табриклади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

«Шахсан мен ўқитувчи деганда — замон билан ҳамқадам бўлган жонкуяр, зиёли шахсни, мактаб деганда — билим ва маърифат ёғдуси таралиб турадиган, Учинчи Ренессанс пойдевори қўйиладиган табаррук масканни кўз олдимга келтираман», — дея таъкидлаган президент.

Ўтган ўқув йилида ёшларнинг халқаро ва минтақавий фан олимпиадаларида 45 та олтин, кумуш ва бронза медалларини қўлга киритгани таълим соҳасидаги ислоҳотлар самарасига яна бир далил, деди у.

Таъкидлашича, педагог ходимларни мажбурий меҳнат ва турли жамоатчилик ишларига жалб қилиш ҳолатларига чек қўйилгани, таълим муассасаларида қоғозбозликка барҳам берилаётгани бугун ўз ижобий натижасини кўрсатмоқда. Олис ҳудудлардаги мактабларга дарс бериш учун жалб этилган юқори тоифали ўқитувчиларни моддий рағбатлантириш тизими йўлга қўйилгани бу борадаги яна бир муҳим қадам бўлди.

«Янги Ўзбекистоннинг мактаб битирувчиси замонавий кўникмаларни эгаллаган, ахборот технологияларини пухта ўзлаштирган, креатив фикрлайдиган, мустақил қарор қабул қила оладиган, дунёқараши кенг шахс бўлиб шаклланиши зарур. Бу эзгу мақсадга эришиш учун мактабларнинг ўқув дастурлари, ўқитиш услуби, дарсликлар мазмунини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича бошлаган ишларимизни албатта мантиқий якунига етказамиз», — деди Шавкат Мирзиёев.

Белгиланган режаларга кўра, барча ҳудудлар, айниқса, қишлоқ жойларда мактаблар қуриш, уларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масалаларига устувор аҳамият қаратилади.

Ўқитувчи ва домлалар, тарбиячи ва мураббийлар, илм-фан соҳаси ходимлари учун муносиб шароит яратиш, уларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантириш, моддий таъминотини яхшилаш борасидаги ишлар янги босқичга кўтарилади.

Биз бундан буён ҳам халқимиз билан маслаҳатлашган ҳолда, жамоатчилик фикрини атрофлича таҳлил қилиб, эришган ютуқларимизни мустаҳкамлаш, йўл қўйилган хато ва камчиликларни тузатиш йўлидан борамиз, деди президент.

Шунингдек, у Янги Ўзбекистоннинг янги Берунийлари, янги Хоразмийлари, Ибн Синолари ва Фарғонийларини камолга етказиш, шу орқали Ўзбекистонни дунё миқёсида ривожланган, тинч, эркин ва фаровон мамлакатга айлантириш мақсад қилинганини айтди. Бунинг учун, буюк аллома Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш бўйича қарор қабул қилдик. Хоразмда шонли аждодимиз Муҳаммад Хоразмий номида янги шаҳарча қуришга киришдик, деди у.