АҚШ давлат котиби ёрдамчиси вазифасини бажарувчи, Давлат департаментининг Халқаро жамоатчилик билан алоқалар бюроси раҳбари Элизабет Трюдо 3−6 октябрь кунлари Ўзбекистонга ташриф буюради, дея хабар берди ТИВнинг «Дунё» ахборот агентлиги.

Элизабет Трюдо расмийлар билан музокаралар ўтказиш, нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари билан учрашиш ва Тошкентдаги Вебстер университетида журналистлар учун инглиз тили курси битирувчилари билан суҳбатлашишни режалаштирмоқда. Шунингдек, у Жиззах вилоятига ҳам ташриф буюриб, аёллар реабилитация маркази фаолияти билан танишади, деб хабар қилди АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати.

Шунингдек, у Ўзбекистондан ташқари Непал, Бирлашган Араб Амирликлари ва Қирғизистонга ҳам ташриф буюради. Давлат департаменти ҳисоботида қайд этилишича, ушбу мамлакатлардаги муҳокамаларининг устувор йўналишлари Россия ва Хитойдан келаётган дезинформацияга қарши кураш, АҚШнинг Афғонистон халқини қўллаб-қувватлаши, ижтимоий тенглик, оммавий ахборот воситалари эркинлиги ва иқлим муаммолари бўлади.

Сафар арафасида Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов Элизабет Трюдо билан Ўзбекистон-Америка ҳамкорлигининг долзарб масалалари, жумладан, миллий кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма дастурларни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.