«Шимолий оқим» газ қувурларидаги портлашлар, Дания ва Польша расмийларига кўра, олдиндан ўйлаб қилинган ҳаракатлар ва саботаж натижасидир, деди икки давлат бош вазирлари. Бу ҳақда DW dpa агентлигига таяниб хабар берди.

Россиянинг Европага газ етказиб берадиган асосий қувури — «Шимолий оқим»нинг иккала тармоғида бирданига учта жойдан газ сизиб чиққан. 26 сентябрь куни кечқурун Дания ва Швеция расмийлари Борнхольм ороли яқинида улардан газ сизиб чиққани ҳақида хабар беришди. Ўшанда швед ва даниялик сейсмологлар ҳудудда кучли сув ости портлашларини қайд этган.

Авария Европада 1 октябрдан иситиш мавсуми бошланиши арафасида ва Болтиқ денгизининг ўша секторида Норвегиядан Польшага муқобил сув ости газ қувури очилиши арафасида содир бўлди, дея қайд этмоқда BBC рус хизмати.

«Тегишли идораларнинг баҳоси энди бир хил — бу олдиндан ўйланган ҳаракатлар натижасидир. Бу тасодифий воқеа эмас», — деган Дания бош вазири Метте Фредериксен ҳукумат «буларнинг барчаси ортида ким тургани ҳақида ҳозирча ҳеч қандай маълумотга эга эмаслигини» қўшимча қилди.

Аввалроқ мамлакат расмийлари тергов олиб бораётгани ва «баъзи маълумотлар саботаж эҳтимоли борлигини кўрсатаётгани» хабар қилинганди.

Дания иқлим ва энергетика вазири Дэн Йоргенсен геологларнинг газ қувурларида портлашлар содир бўлгани ҳақидаги маълумотларини тасдиқлаб, қувурлар денгиз тубида чуқур жойлашгани ҳамда пўлат ва бетондан ишлангани, сизиб чиқаётган жойларнинг ўлчами бу авария, масалан, кема лангари сабабли юзага келган бўлиши мумкин эмаслигини таъкидлади.

«Биз нима содир бўлгани ҳақида ҳозирча маълумотга эга эмасмиз, аммо бу ерда саботаж ҳаракати содир бўлганини аниқ кўрмоқдамиз», — деди Польша бош вазири Матеуш Моравецкий.

Ёзда АҚШ Марказий разведка бошқармаси (МРБ) Германия ҳукуматини Болтиқ денгизидаги газ қувурларига эҳтимолий ҳужумлар ҳақида огоҳлантирди, деб ёзади Der Spiegel манбаларга таяниб.

Nord Stream 2 AG оператори ҳам тасодифий аварияга ишонмайди, деб ёзмоқда dpa. Компаниянинг таъкидлашича, Болтиқ денгизи тубидаги газ қувурлари шундай ётқизилганки, бир вақтнинг ўзида бир нечта қувурларнинг, масалан, кема ҳалокати натижасида шикастланиш эҳтимоли жуда паст.

Швеция миллий сейсмик тармоғи (SNSN) биринчи портлашни 26 сентябрга ўтар кечаси, иккинчи портлашни эса ўша куни кечқурун қайд этган. Улардан бирининг магнитудаси 2,3 га тенг эди. «Тўлқинларнинг пастдан ер юзасига қандай отилганини аниқ кўришингиз мумкин. Бу портлашлар эканлигига шубҳа йўқ», — деди SNSN сейсмологи Бьорн Лунд. Потсдамдаги Геофизика тадқиқот маркази (Geoforschungszentrum, GFZ) томонидан иккита сув ости силкиниши ҳам қайд этилган.

27 сентябрь куни Дания қуролли кучлари ҳаводан олинган қувурларда газ сизиб чиқиши акс этган видеони эълон қилди. Кадрларда Болтиқ денгизи юзасига чиқадиган қувурларнинг шикастланган қисмларидан газ пуфакчалари қандай кўтарилиши кўрсатилган. Қайд этилишича, энг кўп газ сизиб чиқаётган жойда сувда диаметри 1 км, энг кичики эса 200 м бўлган тўлқинлар ҳосил бўлган.

Германия Федерал тармоқ агентлиги (Bundesnetzagentur, BNetzA) газ қувурларидаги авариялар мамлакатга ёнилғи етказиб беришга таъсир қилмаслигини таъкидлади, чунки қувурлардан сўнгги вақтларда газ импорти учун ишлатилмаётган бўлган. Украинадаги уруш туфайли Германия «Шимолий оқим 2» газ қувурини сертификатлаш жараёнини музлатиб қўйган ва у ишга туширилмаган. Ёзда «Шимолий оқим» орқали газ етказиб бериш аввалига қувватнинг 20 фоизигача камайди, август ойидан эса улар амалда тўхтатилди.