28 сентябрь куни Қирғизистон таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиев йирик миқдорда пора олаётган вақтида қўлга олинди, деб хабар берди «24.kg» агентлиги Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматига таяниб.

«Хорижлик талабаларни Қирғизистон олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш учун 110 минг доллар пора олиш факти тергов қилинмоқда. Текширув натижаларига кўра, барча тўлиқ маълумотлар тақдим этилади», — дея қайд этилади Қирғизистон ИИВ хабарида.

Шунингдек, ички ишлар вазирлиги Алмазбек Бейшеналиевнинг ҳибсга олингани акс этган видеони ҳам эълон қилди. Кадрларда конверт мансабдор шахсга қандай топширилаётгани кўрсатилган. Бошқа кадрларда унинг машинага ўтираётгани ва милиция ходимлари томонидан қўлга олингани кўрсатилган.

«Ҳамма жойда камералар бор, шундай эмасми? Ўта ҳурматсизлик, лекин раҳмат», — дейди вазир.

Президент матбуот котиби Эрбол Султонбоев ўзининг Facebook’даги саҳифасида Таълим ва фан вазирининг ҳибсга олинишига изоҳ берди.

«Президент Жапаровга таълим ва фан вазири Алмазбек Бейшеналиевнинг ҳибсга олингани ҳақида маълумот берилди. Бу иш бўйича ҳар томонлама тергов ўтказилиши таъминланади», — деб ёзган у.