28 сентябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенати кенгаши мажлисида репродуктив саломатликни сақлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганиш масаласи муҳокама қилинди, дея хабар қилмоқда юқори палата матбуот хизмати.

Мажлисда 2021 йилда гўдаклар ўлими 7214 тани ташкил этгани, 2020 йилга нисбатан 160 тага ошгани таъкидланди. Бундан ташқари, ҳудудларда 2018−2022 йилларда болаларда туғма ва ирсий касалликларни барвақт аниқлаш давлат дастури ижроси бўйича қатор камчиликлар мавжуд экани қайд этилди.

Шунингдек, ҳомиладор, туғувчи, туққан аёллар ва янги туғилган чақалоқларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини яхшилаш мақсадида республикадаги туғруққа ёрдам берувчи муассасаларнинг моддий-техника базасини халқаро стандартларга мувофиқ мустаҳкамлаш ва зарур дори воситалари билан таъминлаш масаласи тўлиқ бажарилмаган.


«Албатта, фақат танқид қилиш эмас, соҳадаги муаммолар салбий оқибатларини улар келиб чиққанидан аввал бартараф этиш юзасидан ечимлар бериш зарур. Репродуктив саломатлик даражасига жиддий таъсир кўрсатувчи омил — яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ борасида фуқароларимизга тақиқлар қўйиш билан ҳеч нарсага эришмаймиз, аксинча, инсонларнинг шахсий ҳаёт эркинлиги доирасига дахл қилиб қўямиз. Шу сабабли яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг салбий оқибатлари борасида аҳолимиз ўртасида тушунтириш, ташвиқот ишларини кучайтириш зарур», — деди Сенат раиси Танзила Нарбаева.

Мажлис якунида Кенгашининг Оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, репродуктив саломатликни сақлаш учун профилактик чора-тадбирларни амалга ошириш ҳолатини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ тузиш тўғрисидаги қарори қабул қилинди.


Ишчи гуруҳ бир ой муддатда мазкур йўналишда ҳудудлардаги ҳақиқий ҳолат бўйича ўрганишлар ўтказиб, 1 ноябрга қадар Сенат Кенгашига аниқ таклиф киритиши белгиланди.