Чирчиқ дарёсида балиқларнинг оммавий нобуд бўлгани айтилган видео эълон қилинди. Ушбу воқеа юзасидан Давлат экология қўмитаси ишчи гуруҳи томонидан ўрганиш ишлари олиб борилди.

Ўрганиш давомида ҳолат Тошкент вилоятининг Янгийўл туманидаги Қўш ёғоч МФЙда жойлашган «Azizjon Nurli Agro Fayz» MCHJга тегишли бўлган балиқлар сақланадиган ҳовузда содир бўлгани аниқланди.

24 сентябр куни балиқчилик хўжалигида етиштирилган балиқларни овлаш даврида ҳовуз суви камайгани, балиқлар узоқ муддат тўрда қолиб кетгани, ҳаво ҳароратининг кўтарилиши оқибатида сувнинг меъёридан ортиқ даражада илигани, ҳовуздаги сув таркибида кислород камайгани сабабли балиқлар нобуд бўла бошлаган. Шундан сўнг чала ўлик балиқлар ҳовузга 10 метр масофа узоқликда бўлган Чирчиқ дарёсига оқизилган.

Ишчи гуруҳ томонидан мобил лаборатория жалб қилиниб, Чирчиқ дарёси ва балиқчилик хўжалигидаги сув ҳавзаларидан намуналар олинди.Таҳлил натижаларида сувнинг кимёвий моддалар ёки бошқа таъсирлар натижасида ифлосланмагани аниқланди.

Балиқчилик ҳовузида балиқ боқиш ва нобуд бўлган балиқларни белгиланган тартибда йўқ қилиш бўйича алоҳида текшириш ўтказилиб, қонунбузилишига йўл қўйган масъулларга нисбатан тегишли тартибда чора кўрилиши белгиланди.

Ҳолат юзасидан қўшимча маълумот берилиши маълум қилинди.