Ўзбекистонда ҳар йили кўплаб инсонлар қон саратони билан касалланади. Сўнгги йилларда онкогематологик касалликларни даволашда сезиларли ютуқларга эришилганига қарамай, ҳали мамлакатда суяк илиги трансплантацияси йўлга қўйилмаган ва Ғарб мамлакатларида тиббий ёрдам стандарти ҳисобланган баъзи замонавий дори воситалари билан терапия мавжуд эмас.

Ўзбекистон бош гематологи, Тошкент врачлар малакасини ошириш институти гематология ва трансфузиология кафедраси мудири Элдор Исҳоқов бугунги кунда қон саратони (лейкоз) билан оғриган беморларга қандай ёрдам берилаётгани, COVID-19 уларга қандай таъсир кўрсатгани ва мамлакатдаги онкогематологик касалликлар билан боғлиқ вазиятни қандай яхшилаш мумкинлиги ҳақида сўзлаб берди.

Эльдор Исхаков. Фото: Facebook.

— Элдор Жасурович, Ўзбекистонда саратон билан касалланиш ва ўлим даражаси бўйича ҳозирги статистик маълумотлар қандай? Ва бу статистикада онкогематологик касалликларнинг нисбати қандай?

— 2020 йил охирида онкологик беморлар контингенти 107196 нафарни ташкил этди. 2020 йилда диспансерлик ҳисобида қайд этилган беморларнинг асосий қисмини кўкрак бези (19,5 фоиз), бачадон бўйни (8,5 фоиз), тери (8,1 фоиз), бачадон танаси (4,7%), тухумдон (4,1%), ошқозон (4,0%), мия (4%), буйрак (3,2%) хавфли ўсмалари ҳамда нохожкин лимфомаси (3,1%) билан оғриган беморлар ташкил этди. Тахминан 10 минг онкологик касалликда 1000 та ўткир лейкозлар ҳолати мавжуд. Лейкоз билан касалланган беморларнинг 300 нафари болалар, қолган 700 нафари катталардир. Агар умуман онкогематология ҳақида гапирадиган бўлсак, ҳар йили 1500 га яқин асосий беморларда сурункали лейкоз ва 1000 га яқин беморда лимфома аниқланади.

Бизда суяк илиги трансплантацияси амалга оширилмагани учун Ўзбекистонда онкогематологик касалликлар билан оғриган беморлар ўлими бошқа мамлакатларга қараганда юқори. Ўткир лейкоз билан оғриган 700 нафар катталарнинг 30 фоиздан ортиғи тузалиши мумкин, қолган 70 фоизи эса трансплантацияга муҳтож. Яъни, беморларнинг 30 фоизи нисбатан узоқ умр кўришлари мумкин, қолган 70 фоизи эса бир неча йил ичида вафот этади.

Лейкоз билан оғриган болаларда, катталардан фарқли ўлароқ, омон қолиш даражаси анча юқори: ўткир лейкозга чалинганларнинг 70 фоизи соғяди, қолганлари трансплантацияга муҳтож. Агар статистикага мурожаат қиладиган бўлсак, болаларнинг тахминан 70 фоизи лейкемия, ўткир лейкемия, хусусан, ўткир лимфобластик лейкемиядан тузалиши мумкин. Аммо бутун дунёда даволаб бўлмайдиган ўткир лейкемиянинг ноёб шакллари мавжуд, масалан, лейкозларнинг Т-лимфобластик, миелоид шакллари. Беморларнинг ушбу гуруҳида ўлим даражаси, албатта, анча юқори.

Фото: Альберт Салихов / «Газета.uz».

— Ўзбекистонда суяк илиги трансплантацияси йўлга қўйилмаган, дедингиз. Ушбу операцияга муҳтож бўлган беморлар кўпми?

— Бугун Ўзбекистонда суяк илиги трансплантациясига талаб жуда юқори. Ҳар йили 200 га яқин бола (нафақат лейкоз, балки бошқа касалликларга чалинганлар ҳам) унга эҳтиёж сезади. Трансплантация қилиниши керак бўлган катталар сони энг камида уч баробар кўпроқни ташкил этади. Ҳозирги вақтда Ўзбекистон президенти томонидан ташкил этилган оғир гемотологик касалликларга чалинган беморларни қўллаб-қувватлаш жамғармаси фақат болаларнинг хорижда трансплантацияси учун маблағ ажратмоқда. Шунингдек, бизда оғир касалликларга чалинган болаларнинг хорижда даволаниши, жумладан суяк илиги трансплантацияси учун моддий кўмак кўрсатаётган болалар жамғармаси ҳам пайдо бўлди.

Ҳозирда мамлакат раҳбарияти мутахассисларимизни хорижга ўқишга юбориш борасида катта саъй-ҳаракатларни амалга оширмоқда. Асептик корпусларни қуриш учун қўшимча маблағ ажратиш тўғрисидаги президент қарори имзоланиб, бизга ишлашга келувчи ҳамда мутахассисларимизни ўқитадиган хорижлик мутахассисларни таклиф этиш учун бюджет белгиланди.

Агар ҳаммаси режа бўйича кетса, бино қурилса, қимматбаҳо дори-дармонлар билан узлуксиз таъминланса, мутахассисларимиз ушбу мураккаб техникани ўзлаштирса, бир неча йилдан сўнг иккита гематология марказида — катталар ва болаларда суяк илиги трансплантацияси бўлимлари очилади.

Аммо, шуни айтишим керакки, бу ҳали ҳам етарли бўлмайди. Шунинг учун биз Вазирлар Маҳкамаси, президент олдида бундай филиалларни нафақат иккита марказда, балки мамлакатимиз ҳудудларида ҳам очиш масаласини кўтариб чиқамиз.

— Ҳудудларда онкогематологик касалликларга чалинган беморларга ёрдам кўрсатиш имконияти мавжудми?

— Кенг профилли ҳудудий поликлиникаларда ҳар бир вилоятда 25−35 ўринга мўлжалланган гематология бўлими мавжуд. Аммо кўплаб ҳудудларда даволаниш учун шарт-шароит йўқ — шифокорларнинг малакаси етарли эмас, диагностика оқсамоқда, ўткир лейкозни даволаш эса синов тариқасида йўлга қўйилган.

Шу боис вилоятлардаги ҳамкасбларимиз барча бирламчи онкогематологик беморларни ташхис, бирламчи рўйхатга олиш ва бирламчи оғир даволаш учун Тошкент шаҳрига — марказий муассасамизга жўнатади. Ушбу беморлар кимётерапиянинг асосий оғир курсларини олгандан сўнг, улар маҳаллий гематологлар терапияни давом эттирадиган ҳудудларга юборилади.

Болалар билан вазият бироз бошқача. Онкогематологик касалликлар аниқланган болалар Тошкентга юборилади. Уларга аниқ ташхис қўямиз, хавф гуруҳини (юқори, паст, стандарт) аниқлаймиз, бирламчи даво кўрсатамиз, сўнгра беморларнинг бир қисми ҳудудларга юборилади, бир қисми эса Тошкент шаҳридаги кундузги стационарда амбулатор шароитда даволанишни давом эттиради.

Фото: Абдулло Ёдгоров / «Газета.uz».

Ҳудудларда болалар гематологлари анча илғор бўлиб чиқди. Уларнинг кўпчилиги Москвадаги Рогачев марказида амалиёт ўтаган, айрим мутахассислар Германияда малака оширган. Шу боис ҳудудларда малакали онкогематологлар бўлса, болаларимизни соғайгунча даволашларига рухсат берамиз. Аммо агарда у ёки бу ҳудудда онкогематологиянинг оқсаётганини билсак, уларга бундай масъулиятни ўз зиммамизга олиш ва оғир касал беморларни қабул қилишга уринишларига йўл қўймаймиз. Шу боис, умумий қилиб айтиш мумкинки, онкогематологик беморларни даволаш нафақат Тошкентда, балки вилоятларда ҳам концентрациялашмоқда.

— Терапиянинг мавжудлиги билан боғлиқ вазият қандай?

— Бугунги кунда Ўзбекистонда дори воситаларининг мавжудлиги анча яхши, лекин юз фоиз эмас.

Биз бутун дунёда кўп нарса ўзгарганини яхши англаб турибмиз. Айни пайтда ихтиёримизда бор-йўғи уч турдаги мақсадли дори воситалари мавжуд. Ушбу гуруҳнинг янада илғор дорилари аллақачон чет элда пайдо бўлган, аммо улар ҳали бизда мавжуд эмас.

Агар моноклонал антитаналарни (плазмали ўтмишдош-ҳужайралардан биридан келиб чиққан иммун ҳужайралар ишлаб чиқарадиган антитана) қўллаган ҳолда таргетли (мақсадли) терапия ҳақида гапирадиган бўлсак, у ҳолда «Ритуксимаба»дан ташқари омборимизда бошқа ҳеч нарса йўқ, ўткир миелоид лейкозни даволаш учун антитаналар ҳам йўқ. Бизда Брутон касаллигида илғорроқ тирозинкиназ ингибатор препаратлари ҳам мавжуд эмас

Бизга маълумки, бутун дунёда сурункали лимфолейкоз, ўткир миелоид лейкознинг резистент (чидамли) шаклларини даволашда қўлланиладиган «Венетоклакс» препарати ҳам бизда йўқ. Сурункали лимфолейкоз ва нохожин лимфоманинг айрим шаклларини даволаш учун ишлатиладиган «Акалабрутиниб» дори воситаси мавжуд, бироқ бу препарат ҳам бизда йўқ.

Шундай экан, тан олишимиз керакки, биз баъзи жиҳатларда Ғарб дунёсидан ортда қолмоқдамиз. Ҳамма нарса бизга бироз кечикиш билан келади. Авваллари бизда на моноклонал антитаналар, на таргетли дорилар бор эди, ҳозир улар аста-секин пайдо бўлмоқда.

Биз даволашнинг янги усулларини жорий этишга, чет элда пайдо бўладиган тенденцияларни кузатишга ҳаракат қиламиз, аммо кундалик клиник амалиётда биз улардан ҳар доим ҳам фойдаланиш имкониятидан йироқмиз, чунки кўплаб дорилар бизда рўйхатдан ўтмаган, модомики рўйхатдан ўтмаган экан, уларни миллий даволаш протоколларига кирита олмаймиз.

Ўйлайманки, замонавий қиммат дори воситаларини рўйхатдан ўтказиш ва молиялаштириш билан биз даволаш стандартларига ўзгартиришлар киритишимиз мумкин ва керак бўлади, шунда бизнинг онкогематологиямиз Ғарб мамлакатлари билан солиштирганда камроқ орқада қолади.

— Ковид онкогематологик касалликларни аниқлашга қандай таъсир қилди? Маълумки, онкогематологик касалликларга чалинган беморларда COVID-19 оғир кечиш хавфи мавжуд. Бу беморлар пандемиядан қандай омон қолишди? Улар эмланган бўлиши мумкинми?

— Ўтган ва олдинги йил бизда жуда оғир йиллар бўлди, кўп одамлар ковиддан вафот этди. Гематологик беморлар кимётерапия олади, бу даво чорасидан сўнг уларда нол иммунитет ривожланади. Агар бундай беморлар коронавирус инфекцияси билан касалланганса, улар кўпинча вафот этишади.

Ковид марказларида гематологик беморлар учун ихтисослаштирилган бўлимимиз йўқ эди, шунинг учун бу беморлар умумий бўлимга ётқизилди. Аччиқ тажрибамиз шуни кўрсатадики, биз у ерга юборган кимётерапиядан кейинги беморларнинг аксарияти септик асоратлардан (қон заҳарланиши) вафот этган. Пандемиянинг биринчи йилида шундай бўлган эди.

Иккинчи йилда ковид марказлари билан яқинроқ ишладик, гематологларимиз уларнинг мутахассислари билан алоқада бўлдилар, маслаҳатлар учун бориб, тавсияларимизни инобатга олган ҳолда ушбу беморларни даволашга ёрдам бердик, шунинг учун ўлим даражаси бироз камайди.

«Зангиота-2» ковид касалхонасининг реанимация бўлими. Иллюстратив сурат.

Ҳозирда бизда коронавирус билан касалланган беморлар унчалик кўп эмас, ҳатто ковид бўлса ҳам, касаллик енгилроқ шаклда кечмоқда. Бироқ иммун тизими заифлашган онкогематологик беморларимизда ковидсиз ҳам резистент (чидамли) инфекциялар ва сепсис ривожланиши хавфи жуда юқори.

Вакцинацияга келсак, гематологик беморлар, айниқса болаларда муайян муддатларда барча эмлашлардан тиббий озодликка эга. Шифокорлар ўртасида COVID-19 бўйича ягона консенсус йўқ. Шахсан мен ўткир лейкоз ремиссиясида бўлган беморлар ҳамда сурункали лейкемия билан оғриган беморлар ҳам коронавирус инфекциясига қарши эмланиши мумкин.

Аммо ўткир лейкоз билан оғриган бирламчи беморларда ёки чуқур иммуносупрессиясидаги беморларда эмлаш мумкин эмас. Бу самарали бўлмайди, чунки бундай беморларда етарли даражада соғлом антитана ишлаб чиқарувчи ҳужайралар мавжуд эмас, M ёки G иммуноглобулинларини ишлаб чиқарадиган b-лимфоцитлар етарли бўлмайди. Бошқа беморларга эмлашни тавсия қиламан.

— Маълумки, айрим мамлакатларда COVID-19ни даволаш ва унинг олдини олиш учун моноклонал антикорларга асосланган препаратлар қўлланилади. Мамлакатимизда шунга ўхшаш дорилар қўлланиладими?

— Ҳар қандай иммуносупрессия ёки сепсисли бемор учун тайёр антитаналар қўлланилади. Ушбу самарали дориларнинг катта камчилиги шундаки, улар жуда қиммат ва ҳамма тиббиёт муассасаси ҳам бир вақтнинг ўзида бир нечта беморларни бу дорилар билан таъминлай олмайди.

Авваллари бу дорилар умуман йўқ эди, лекин давлат томонидан молиялаштирилгандан сўнг ушбу препаратлар пайдо бўлди ва ҳозирда улардан муваффақиятли фойдаланмоқдамиз. Мен ковид марказларида беморлар билан маслаҳатлашдим, ушбу дори-дармонларни тавсия қилдим ва улар кўпчиликка ёрдам берди.

— Онкогематологик касалликларнинг олдини олиш усуллари борми? Ўзимизни ҳимоя қилиш учун бирор нарса қила оламизми?

— Афсуски, бутун дунёда онкогематологик касалликларнинг ўзига хос профилактикаси ва эрта ташхиси йўқ. Ҳеч ким улардан, ҳатто соғлом турмуш тарзини олиб борадиган ва тўғри овқатланадиган одамлардан ҳам иммунитетга эга эмас.

Собиқ Иттифоқ даврида диспансеризация тушунчаси мавжуд эди, йилига бир марта тор мутахассислар кўригидан ўтиш ва асосий тестларни топшириш керак эди. Ушбу ёндашув туфайли кўплаб онкологик касалликлар, масалан, ошқозон-ичак тракти, кўкрак, простата саратони эрта босқичда аниқланди. Ҳақиқат шундаки, бундай касалликлар узоқ вақт давомида ўзини намоён қилмаслиги мумкин, аммо улар тиббий кўрикнинг бир қисми сифатида аниқланиши мумкин.

Аммо ўткир лейкемияда даволаш бошқача бўлиб, улар жуда тез ўзини намоён қилади, шунинг учун онкогематологик касалликларнинг олдини олиш ёки эрта ташхислашнинг имкони йўқ. Ахир ҳар ой ўттиз миллион киши орасидан ўнлабида лейкозни аниқлаш учун бирваракайига суяк пункциясини ўтказа олмайсиз-ку. Аммо, тўлиқ соғломлик фонида беморда кўкаришлар, қон кетиш ёки шишган лимфа тугунлари пайдо бўлса, бу, албатта, шифокор кўригидан ўтиш учун жиддий сабабдир. Аммо бу ҳар доим ҳам лейкоз эмаслигини тушунишимиз керак, бу бошқа касаллик бўлиши ҳам мумкин.

— Онкогематологик касалликка чалинганларга қандай маслаҳат бера оласиз?

— Модомики муаммо бўлса, ундан яшириниш керак эмас, уни ҳал қилиш зарур. Касалликни зўрайган босқичларга олиб борадиган аломатларни эътиборсиз қолдирмаслик лозим. Даволашнинг текширилмаган усулларини изламаслик керак, дарҳол ушбу касалликларни даволашда тажрибага эга бўлган тор мутахассисларга мурожаат қилиш зарур. Бундан ташқари, ҳар йили янги дорилар амалиётга киритилади ва ўткир лейкозни даволаш самарадорлиги 10−20 йил олдингига нисбатан кескин ўзгарди. Илгари бундай беморларда узоқ муддатли омон қолиш нолга яқин эди, аммо ҳозир болаларда омон қолиш даражаси 70 фоизни ташкил этади, катталарда биз ҳам катта муваффақиятларга эришдик.

Кайфият жуда муҳим — ўз-ўзидан психосоматик касалликларни чақирадиган ва онкологик касалликларга қарши курашадиган кучни олиб қўядиган депрессияга асло тушмаслик лозим. Кўпчилик ҳатто «кимётерапия» сўзидан ҳам қўрқишади, аммо кимётерапия ва мақсадли дорилар туфайли бугунги кунда биз кўплаб одамларни қутқариш имкониятига эгамиз.