Фарғона нефтни қайта ишлаш заводидаги давлат улушини сотиб олган Sanoat Energetika Guruhi (SEG) нефть ва газ компанияси корхонани модернизация қилиш учун 400 млн доллар миқдорида инвестиция киритади. Бу ҳақда SEG журналист ва блогерлар учун ташкил қилинган пресс-тур доирасида маълум қилинди, дея хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.

1959 йилда қурилган заводда шу вақтга қадар фақат қисман жиҳоз ва қурилмалар алмаштирилган, аммо 60 йилдан ортиқ вақт давомида тўлиқ таъмирлаш ишлари бирон марта ҳам амалга оширилмаган. 1997 йилдан 2000 йилгача бўлган даврда ёқилғи блоки реконструкция қилинган, холос. Шу боисдан кўплаб ускуналар ҳам жисмонан, ҳам маънан эскирган ва ишдан чиққан. SEG ишончли бошқарувига топширилгунга қадар заводнинг иш ҳажми йилига 1 млн тоннадан ошмаган.

ФНҚИЗ 2020 йил февралида SEG ишончли бошқарувига топширилди. Жорий йилнинг май ойида эса у SEG нефть ва газ компанияси томонидан 100 млн долларга сотиб олинди. Шундан сўнг заводда кенг кўламли ва комплекс модернизация лойиҳасининг фаол босқичи бошланди.

2023 йил охиригача якунига етиши кутилаётган модернизация ишларидан сўнг ФНҚИЗ Ўзбекистонда АИ-92 дан юқори октанли Евро 5 бензин ишлаб чиқаришга қодир биринчи корхонага айланиши ҳамда JET A-1 маркали авиаёнилғи, замонавий стандартларга мувофиқ базавий ва мотор мойлари (II ва III гуруҳ) ишлаб чиқаришни ўзлаштириши кутилмоқда.

Шунингдек, хомашёни қайта ишлашнинг умумий ҳажми камида 92 фоизни ташкил этади (бугунги қиймат 87 фоиздан ошмайди). Янги ишлаб чиқариш қувватлари ва янги маҳсулот бозорларига чиқиш ФНҚИЗда қайта ишланган хомашё ҳажмини икки баробарга оширишга ва бу қийматни йилига 2 млн тонна нефт ва газ конденсатига етказишга имкон беради. Бундан ташқари, модернизация ушбу нефтни қайта ишлаш заводининг экологик жиҳатларига сезиларли таъсир кўрсатади ва бу борада ФНҚИЗни жаҳон стандартларига яқинлаштиради.

Бугунги кунга қадар EPC-пудратчи — Enter Engineering компаниясини жалб қилган ҳолда тупроқ ишлари тугалланган бўлиб, сувни кимёвий тозалаш иншоотига эга буғ қозони қурилмаси, гидрокрекинг қурилмаси, водород ишлаб чиқариш ва қисқа циклли абсорбция сингари янги ускуналарни, шунингдек, янги марказий операторлар ва лаборатория биноларини, хомашё ва маҳсулотларни сақлаш резервуарларини ўрнатиш ва қуриш ишлари олиб борилмоқда.

Бундан ташқари, модернизация лойиҳасини ишга тушириш доирасида SEG аллақачон ФНҚИЗни янгилаш учун 160 млн доллардан ортиқ маблағни жалб қилган. Франциянинг Axens ҳамда Италиянинг , Wood компаниялари билан лицензиялаш ва муҳандислик шартномалари тузилди, гидрокрекинг заводи конфигурациясини тасдиқлаш билан заводни модернизация қилиш учун FEED (асосий лойиҳа) ҳамда лойиҳанинг техник-иқтисодий асослари ишлаб чиқилди ва тасдиқланди, гидродесулфуризация блокида катализатор алмаштирилди, янги қурилмалар 3D моделларининг 60 фоизи ишлаб чиқилди ҳамда узоқ муддат тайёрланадиган ускуналар учун буюртмалар берилди ва аванс тўловлари амалга оширилди.

«Компаниямиз олдига кенг кўламли вазифа — Ўзбекистон аҳолисини ўз нефтимиздан олинган юқори сифатли ёқилғи ва мойлар билан таъминлаш вазифаси турибди, — деди SEG ижрочи директори Тўлқин Юсупов. — Шу боис қазиб чиқариш секторимизда ишлаб чиқаришни рағбатлантиришнинг илғор технологияларини жорий этмоқдамиз. ФНҚИЗни модернизация қилиш ушбу вазифа билан узвий боғлиқ. Бугун биз завод тарихидаги уни техник қайта жиҳозлаш бўйича энг йирик дастурни бошладик. Йиллар давомида муаллақ турган ва бузишни талаб қиладиган бир қатор иншоотлар бузилади».

Тўлқин Юсуповнинг қайд этишича, эскирган иншоотлар ўрнида корхона ишлаб чиқариш занжирига бозорда харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган янги қурилмалар қад ростлайди. Ўзбекистонда ҳали ишлаб чиқарилмаган замонавий бензин, замонавий мойлар ва бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарила бошлайди. «Бу лойиҳа Ўзбекистон ривожига катта таъсир кўрсатади ва айрим турдаги маҳсулотлар ташқи бозорларда кўплаб хорижий ўйинчилар маҳсулотлари билан рақобатлашади», — дея таъкидлади у.

Маълумот учун, ФНҚИЗ 1959 йил январь ойида фойдаланишга топширилган бўлиб, собиқ Иттифоқ даврида корхона Ғарбий Сибирь конларидан олинган хомашё билан юкланган, завод хомашёни қайта ишлашнинг умумсовет тизимига киритилган. Заводнинг дастлабки ишлаб чиқариш қуввати 6,5 млн тоннани ташкил этадиган энг йирик нефтни қайта ишлаш заводларидан бири бўлган. Корхонада асосан Самотлор ва Марказий Осиё конларидан хомашё қайта ишланган.

Jizzakh Petroleum қўшма корхонаси 2017 йилда «Ўзбекнефтгаз» ва Gas Project Development Central Asia томонидан ташкил этилган. Лойиҳага кўра, томонларнинг устав фондидаги улуши «Ўзбекнефтгаз»нинг улуши 60 фоиздан 30 фоизга камайиши, хорижий компаниянинг улуши эса 40 фоиздан 70 фоизга кўпайиши билан ўзгарганди.

Бугунги кунда мамлакатда қазиб олинаётган нефтнинг 80 фоизи SEG ҳиссасига тўғри келмоқда. Компания 2021 йилда 498,9 минг тонна нефть қазиб олган бўлса, 2030 йилга қадар бу кўрсаткични 1,6 млн тоннага етказишни режалаштирмоқда. Айни пайтда компания тасарруфида 103 та кон, 769 та нефть қудуғи, 4 та истиқболли кон мавжуд.