Фарғона вилоятининг Қувасой шаҳар «Сойбўйи» маҳалласидаги 7,5 гектар РК-2 марказий қозонхонасига Россия компанияси ёрдамида юқори самарали когенерацион газ турбина қурилмалари технологиялари ўрнатилади. Бу ҳақда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Вилоят Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Авазбек Мадаминов қозонҳонага давлат-хусусий шерикчилик асосида хорижий инвестиция киритиш бўйича Россиянинг «BETWEEN TWO RIVERS» компанияси вакилларини қабул қилди.

Учрашувда бошқарма бошлиғи реконструкция, модернизация, эксплуатация қилиш ва бошқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича аниқ-чора тадбирлар белгиланганлигини айтди.

Мазкур лойиҳага биринчи йилда 20 млн доллар, кейинги босқичларда эса 25 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестиция йўналтириш режалаштирилган. Натижада, корхонада 200 та янги доимий иш ўрни яратилиб, 131 та кўп қаватли уй (5 010 та хонадон), 20 та ижтимоий соҳа объекти иссиқлик энергияси билан таъминланади.

Бошқарма Қувасой шаҳри учун катта аҳамиятга эга бўлган ушбу лойиҳани қисқа муддатда ҳамкорликда кўриб чиқиш ҳамда уни амалга ошириш бўйича ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканини маълум қилди, дейилади хабарда.