Доғистон Республикаси пойтахти Махачқалъада сафарбарликка қарши намойишда 101 киши ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда «Кавказский узел» нашри ҳуқуқ ҳимоячиларига таяниб.

Якшанба кунги митингда 300 га яқин одам, асосан аёллар иштирок этди, деб ёзади Доғистоннинг «Черновик» нашри.

«Аввалига одамлар қўғирчоқ театри биноси олдида жим туришарди. Полиция етиб келиб, йиғилиш мақсадини сўраб билиб бўлгач, тарқалишни сўраганида, одамлар урушга қарши шиорлар айтиб, ўз позицияларини баландроқ билдира бошлашган. «Биз ўғилларимизни урушга жўнатмоқчи эмасмиз. Нега сиз урушга бормайсиз, лекин бу ерда ўз халқингиз билан жанг қиляпсиз…» — дея митинг иштирокчилари полицияга мурожаат қилди.

Фото: «Черновик»

Митингда қаттиққўллик билан ҳибсга олинди, дея таъкидлайди нашр. «Полиция ходимлари баъзи аёлларга нисбатан куч ишлатишди: туртишди, судрашди, уришди. Ҳибсга олишлар жуда қаттиққўллик билан амалга оширилди. Ёшларни аввалига калтаклашди, тепкилашди», — дейилади хабарда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари кечқурунга бориб намойишчиларни тарқатиб юборишга муваффақ бўлди.

Шу куни Доғистоннинг Хасавюрт туманидаги Эндирей қишлоғида ҳам норозилик акцияси бўлиб ўтди. «Кавказский узел»га кўра, унга бир неча ўнлаб одамлар келган.

Эртаси куни, 26 сентябрь куни намойишлар давом этди, олдинги кунга қараганда кўпроқ ёшлар иштирок этди, дея қайд этди «Черновик», «Новое дело» маҳаллий Телегам канали эса Махачқалъа ва Хасавюртда зўравонлик билан ҳибсга олинган ҳолатлар акс этган видеоларни эълон қилди.

Ўтган якшанба куни Якутскда ҳам сафарбарликка қарши митинг бўлиб ўтди. Тадбир осуохай якутлар халқ маросими кўринишида бўлиб ўтди.

«Рухсатсиз ўтказилган акцияда асосан аёллар қатнашди. Кўпчилик оиласи, бувиси ва қизлари билан келди. Бир гуруҳ қизлар осуохайни бошлашди, уларни ёши катта аёллар қўллаб-қувватлашди. Кўпчилик дастлаб қўшилишга журъат эта олмади, фақат томоша қилди, кейин умумий даврага қўшилди», — деб ёзади SakhaLife.

Фото: SakhaDay

Аёллар сафарбарликка қарши чиқди, «Урушга йўқ», «Сафарбарлик йўқ» шиорлари янгради. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, акцияда 400 га яқин одам қатнашган.

Аввалига полиция аёлларга аралашмаган, кейин эса улар қонунни бузганликларини ва вокзалга боришга мажбур бўлганликларини айтишган.

Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг хатти-ҳаракатлари акс этган видеони эълон қилган маҳаллий СакҳаДай нашри: «Ҳибслар ҳақиқатдан ҳам оғир эди», деб ёзади. Жами 24 нафар аёл ҳибсга олинган.