Тошкент вилоятининг Паркент тумани Чанги қишлоғи «Нуробод» маҳалласи Обишер кўчасида болалар мактабга жар ёқалаб қатнаётгани акс этган тасвирлар ижтимоий тармоқларда тарқалди. Туман ҳокимлиги ҳолатга расмий баёнот берди.

Ўқувчилар қийинчилик билан юраётган йўл маҳаллий аҳоли томонидан ҳашар йўли билан қурилган, аммо 2022 йил баҳор фаслидаги давомий ёғингарчиликлар сабабли йўлнинг катта қисмига жиддий зарар етган.

Келтирилишича, ушбу йўл ички йўллар балансига кирмагани сабабли лойиҳа-смета асосида ички йўллар балансига киритилади ҳамда қурилиш ишларида малакали мутахассислар жалб қилинади. Ҳокимликнинг қайд этишича, шунчаки шағал ташлаш орқали муаммога узил-кесил ечим топиб бўлмайди, ёмғирли мавсумларда бундай ҳолатлар яна такрорланиши мумкин.

Ҳокимлик қишлоқдаги бу вазиятни тўлиқ назоратига олгани ва қурилиш ишлари учун лойиҳалаштириш ишлари бошлангани, 2022 йил сўнгига қадар бу масалага ижобий ечим топилишига ишонтирмоқда.

Маълумот учун, Обишер кўчасида 14 та хонадон бор. Кўча 2018 йилда ташкил этилган. Ундан 8 нафар мактаб ўқувчиси Ҳисорак қишлоғидаги 29-сонли мактабга қатнайди. Ҳокимлик бу йўлдан ташқари қўшимча хавфсиз йўл ҳам мавжудлиги, бунда Обишер кўчаси билан мактаб орасидаги масофа 1,3 км ташкил этишини айтиб ўтган.