20−23 сентябрь кунлари Давлат божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов бошчилигидаги делегация Грузияда амалий ташриф билан бўлиб қайтди. Грузияга ташрифнинг дастлабки тадбири иккала мамлакат божхона хизмати раҳбарларининг учрашуви бўлди.

Давлат божхона қўмитаси раиси Грузия божхона назорати тартиботларини соддалаштириш ва рақамлаштиришда қисқа муддатда туб ўзгаришлар қила олгани билан алоҳида аҳамиятга эга мамлакат ҳисобланишини таъкидлади. Шу жиҳатдан мазкур давлат қўлга киритган тажриба ва ютуқларни ўрганиш, ўзлаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Жумладан, мамлакатда божхона божи ствкалари оптималлаштирилган, божхона расмийлаштируви учун талаб қилинадиган ҳужжатлар сони 54 тадан 2 тага туширилган, чегара ўтказиш пунктларида аввалгидек, 8 та эмас, атиги 2 та давлат идораси фаолият кўрсатади. Коррупцияга элтувчи барча омиллар бартараф этилган.

Учрашувда томонлар божхона тизимларидаги янгиланишлар бўйича кўргазмали тақдимотларни амалга оширишди ҳамда ўзаро ҳамкорликнинг муҳим масалалари атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида божхона соҳасида профессионал кадрларни тайёрлаш бўйича Ҳамкорлик меморандуми ҳамда Ахборотларни олдиндан алмашиш бўйича баённома имзоланди.

Давлат чегараси орқали олиб ўтиладиган товарлар ва транспорт воситалари тўғрисида дастлабки маълумотлар алмашинувини ташкил этиш тўғрисидаги мазкур баён божхона расмийлаштируви вақтини қисқартириш, жараёнларни соддалаштиришга хизмат қилиши таъкидланди.

Шунингдек, божхона соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга қўшаётган ҳиссаси учун Леван Какава «Ўзбекистон божхона хизматига 30 йил» эсдалик нишони билан тақдирланди.