Ўзбекистон томони Дания ҳукуматининг Ўзбекистонда фахрий консуллик очиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилади. Бу ҳақда Владимир Норов 22 сентябр куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессияси доирасида Дания ташқи ишлар вазири Еппе Себастян Кофод билан музокаралар чоғида маълум қилди.

Вазирлар мулоқот давомида ўзаро ташрифлар ва амалий тадбирлар ташкил этиш орқали сиёсий мулоқотни кучайтириш муҳимлигини таъкидлади. Шунингдек, савдо ва инвестиция алоқалари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида томонлар манфаатдор идораларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш масалаларини ўрганишга келишиб олди.

Томонлар Даниянинг етакчи илмий-тадқиқот институтларида ўзбекистонлик ёш тадқиқотчилар учун тренинглар ва амалиётларни ташкил этиш таълим ва фан соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга ёрдам беришини таъкидлади.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Дания ташқи ишлар вазирликлари ўртасида ҳамкорлик ва маслаҳатлашувлар тўғрисида протокол имзолаш таклиф қилинди.

Маъулмот учун, Данияда хорижий 67 та элчихона ва 16 та бош консуллик мавжуд. Марказий Осиё давлатларида дипломатик ваколатхоналар йўқ, Москвадаги элчихона Даниянинг минтақа давлатлари билан алоқалари учун жавобгар ҳисобланади.