Президентнинг «Тадбиркорлик фаолиятини янада қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Ҳужжатга кўра, президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, ССП, Адлия вазирлиги, шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг муаммоларини ҳал этиш самарадорлигини янада ошириш мақсадида Тадбиркорлар кенгаши фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика комиссиясини йўлга қўйиш таклифи маъқулланади.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туман (шаҳар) ҳокимликлари ҳузурида Тадбиркорлар кенгаши ташкил этиш назарда тутилмоқда.

Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, унинг Қорақалпоғистон, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги ҳудудий бошқармалари ҳамда маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш марказлари республика комиссияси ва кенгашнинг ишчи органлари бўлади.

Қуйидагилар Кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланади:

  • тадбиркорликни ривожлантириш соҳасидаги Ўзбекистон қонунлари, Ўзбекистон президентининг фармон, қарорлари ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ижросини амалга ошириш;
  • тегишли ҳудудда тадбиркорликни ривожлантиришга тўсиқ ва ғов бўлаётган муаммоларни бартараф этиш, шунингдек, тадбиркорлик соҳасини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ва тавсиялар ишлаб чиқиш ҳамда уларни Республика комиссиясига тақдим этиб бориш;
  • ҳудудларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш соҳасида маҳаллада тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича туман (шаҳар) ҳокимларининг ёрдамчилари ҳамда бошқарувнинг вертикал тизими асосида давлат органлари ва ташкилотлари билан ўзаро ҳамкорликда ишлаш;
  • ҳоким ёрдамчилари, давлат органлари ва ташкилотлари билан ҳамкорликда тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятини тадбиркорларга етказиш;
  • Кенгаш мажлисларини ташкил этиш ва унда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш соҳасида амалга оширилган ишлар бўйича ҳоким ёрдамчилари, давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг ахборотларини эшитиш.

Бундан ташқари, кенгаш ўз фаолиятини жамоатчилик асосида доимий фаолият юритувчи маслаҳат-кенгаш органи ҳисобланади. Унга Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳамда туманлар (шаҳарлар) ҳокимлари раислик қилади ҳамда Кенгашнинг фаолиятини самарали ташкил этишга шахсан жавобгар ҳисобланади.

Кенгаш ўз ваколатлари доирасида мажлислар, тадбиркорлар билан давра суҳбатлари ва учрашувлар ташкил этади ҳамда тадбиркорлар томонидан кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича ҳал этиш даражасига қараб давлат органлари ва ташкилотларига киритиб боради.

Шу билан бирга, ҳар чорак якуни бўйича бир маротаба амалга оширган ишлари юзасидан республика комиссиясига ҳамда халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашига ҳисобот бериб боради.

Президент қарори лойиҳаси доирасида жамоатчилик муҳокамаси 8 октябрга қадар давом этади.