Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Владимир Норов 24 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеясининг 77-сессиясида нутқ сўзлади, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Владимир Норов нутқ аввалида глобал даражадаги чуқур ишонч инқирози, барқарорлик ва хавфсизликка таҳдидларнинг кучайиши, геосиёсий қарама-қаршиликларнинг кескинлашуви ва блок тафаккурининг қайта тикланиши каби хавфлар, халқаро савдо-иқтисодий алоқаларнинг беқарорлашаётгани ҳамда озиқ-овқат ва энергия хавфсизлигини таъминлаш муаммолари янада оғир тус олаётгани ҳақида гапирди.

Вазир 2022−2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясини тақдим этди. Хусусан, 2030 йилга келиб, Ўзбекистон камбағаллик даражасини икки баравар камайтириш, барча муҳтожларни қамраб олган ҳолда ижтимоий ҳимоя тизими самарадорлигини ошириш, озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлаш, аҳоли даромади ўртача кўрсаткичдан юқори бўлган мамлакатлар қаторига киришни режалаштираётганини қайд этди.

Унинг айтишича, Ўзбекистондаги конституциявий тузатишлар жамиятнинг турли ижтимоий қатламларига мансуб фуқароларнинг манфаатларини кафолатли таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилган тўғридан-тўғри ҳаракат нормаларига айланиши керак.

Бундан ташқари, бош котиб Антонио Гутерришнинг 2023 йил сентябрь ойида «Келажак саммити»ни ўтказиш ташаббусини тўлиқ қўллаб-қувватлашни билдириб, Ўзбекистонда ушбу соҳада сўнгги беш йил ичида ёшларнинг олий маълумот олиш даражаси 9 фоиздан 29 фоизгача, болаларни мактабгача таълим билан қамраб олиш эса эса 27 фоиздан 67,2 фоизгача ўсганини қайд этди.

«2023 йили Ўзбекистон Марказий ва Жанубий Осиё мамлакатлари ёшлар Кенгашининг биринчи йиғилишини ўтказишни режалаштирмоқда. Ушбу муҳим форумни ўтказишда БМТнинг қўллаб-қувватлашига умид билдирамиз. 2022 йил 14−16 ноябрь кунлари Тошкент шаҳрида ЮНЕСКО билан ҳамкорликда Болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича Бутунжаҳон конференциясини ўтказиш режалаштирилган. Ушбу анжуман умуминсоний, адолатли ва сифатли таълимни таъминлаш учун илғор тажрибаларни алмашишга хизмат қилади», — деди Владимир Норов.

Шу билан бирга, у Ўзбекистон ташаббуси билан ўтказила бошланган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари механизми минтақавий ҳамкорликдаги янги даврининг ёрқин тимсолига айланганини, 2022 июль ойида бўлиб ўтган маслаҳат йиғилишида ХХI асрда Марказий Осиёни ривожлантириш йўлидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисида тарихий шартнома қабул қилинганини айтди.

«Ўзбекистон дунё ҳамжамияти томонидан Марказий Осиё мамлакатларининг ўзаро яқинлашув ва ҳамкорлик жараёнларини, минтақанинг глобал иқтисодий ва транспорт алоқаларига интеграциялашуви бундан кейин ҳам қўллаб-қувватланишига умид билдирмоқда», — дея таъкидлади вазир.

Ташқи ишлар вазири нутқи давомида Марказий Осиёнинг ривожланиш истиқболлари Афғонистонда тинчликни таъминлаш билан узвий боғлиқлиги ҳақида гапириб, Ўзбекистон чуқур гуманитар инқирозни бошдан кечираётган ушбу мамлакатга халқаро эътиборнинг пасайишидан хавотирда эканлигини билдирди.

«Афғонистоннинг мавжуд муаммолар қуршовида яккаланиб қолишига йўл қўймаслик ниҳоятда муҳимдир. Афғонистон иқтисодиётини тиклаш, унинг минтақалараро иқтисодий жараёнларга қўшилиши, инфратузилма ва ижтимоий аҳамиятга эга лойиҳаларни амалга ошириш халқаро ҳамжамиятнинг умумий устувор йўналиши бўлиши керак. Ушбу муаммоларни ҳал қилиш учун БМТ, халқаро молия институтлари ва донор мамлакатларнинг кўмаги зарур. Ўзбекистон Афғонистонга кўмаклашиш бўйича халқаро саъй-ҳаракатларга ўз ҳиссасини қўшмоқда. Чегарадош Термиз шаҳрида Халқаро транспорт-логистика хаби ташкил этилиб, БМТ тузилмалари томонидан Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатишда унинг имкониятларидан кенг фойдаланмоқдалар», — деди Ўзбекистон вакили.

Шунингдек, у Термиз шаҳрида Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус жамғармани ташкил этишни таклиф қилди. Жамғарма маблағлари ижтимоий инқирозни бартараф этиш, ёшлар учун таълим дастурлари ва соғлиқни сақлаш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишга йўналтирилишини маълум қилди.

Вазир ўз нутқи давомида бугунги кунда иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари минтақада кескин намоён бўлаётганини таъкидлади. Ўзбекистон Париж келишуви доирасида иссиқхона газларини камайтириш бўйича қўшимча мажбурият олгани, «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва қайта тикланадиган энергетикани ривожлантириш бўйича кенг қамровли стратегияни амалга ошираётганини айтди.

«Ўтган йили Ўзбекистон президенти „Яшил макон“ номли кенг кўламли ташаббусни илгари сурди. Унинг доирасида келгуси беш йил ичида бутун мамлакат бўйлаб 1 млрд дарахт ва бута экиш кўзда тутилган. Минтақамизнинг катта экологик муаммоси Орол денгизи. Сўнгги 5 йил ичида қуриган денгиз тубида 1,7 млн гектар ўрмон плантациялари ётқизилди», — деди Владимир Норов.

Унинг сўзларига кўра, 2022 йил якунига қадар БМТ шафелигида Нукусда биринчи Оролбўйи халқаро форумини ўтказиш режалаштирилган. 2023 йили Ўзбекистонда илк маротаба БМТнинг ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини сақлаш тўғрисидаги конвенцияси томонларининг 14-конференциясини, шунингдек Чўлланишга қарши Конвенцияни амалга оширишни кўриб чиқиш бўйича Қўмитанинг навбатдаги йиғилиши ўтказилади.

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири нутқи якунида Ўзбекистон БМТнинг низомига содиқлигини тасдиқлашини ва ташкилот билан ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлиги билдирди.