Бош вазир ўринбосари — туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимов Токио шаҳрида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихиро Танака билан учрашди, дея хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

Ўзбекистоннинг Япониядаги элчиси Мухсинхўжа Абдураҳмонов ҳам қатнашган учрашувда туризм ва маданий мерос соҳаларида икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Ўзбекистоннинг туристик дарвозаси ҳисобланган Самарқандда сайёҳлик соҳасидаги ўзгаришлар ҳақида маълумот берилди. Акихиро Танака, ўз навбатида, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар фонида туризм, маданий мерос ва таълим соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кучайтиришга қизиқиш билдирди.

Жумладан, томонлар «Буюк Ипак йўли» маданий меросини асраш ва унинг рақамли архивини яратиш, музейлардаги экспонатларни рақамлаштириш ва у ерда фаолият юритувчи ходимлар малакасини ошириш, тарихий объектлар реставрация ва консервациясини ўтказиш, узоқ тоғли ва чўл ҳудудларда инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш ва бунда япониялик мутахассисларни Ўзбекистонда ишлашга жалб қилиш каби масалаларни муҳокама қилишди.

Бундан ташқари, учрашув давомида чартер дастурни амалга ошириш орқали Япониядан Ўзбекистонга саёҳат қилувчи туристик оқимни оширишга алоҳида эътибор қаратилди.

Учрашув якунига кўра, томонлар ЮНЕСКО кўмагида Ўзбекистондаги тарихий обидаларни реставрация ва консервация қилиш, узоқ ҳудудларда туристик инфратузилмани такомиллаштириш ҳамда умрининг катта қисмини археологик ва маданий меросни тадқиқ қилишга бағишлаган марҳум Като Кюдзу хотирасига Сурхондарё вилоятида мемориал комплекс яратишга доир лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини биргаликда ишлаб чиқишга келишишди.