Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни «Ипотека кредитидан фойдаланишда аҳолига қўшимча қулайликлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Ҳужжатда ипотека кредитлари бўйича солиқ имтиёзларини қўллаш шартлари такомиллаштирилди, давлат раҳбари июл ойида бу борада кўрсатмалар берганди.

Қарорга мувофиқ 2023 йил 1 январдан бошлаб дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия берилган фуқароларнинг уй-жойларни сотиб олиш, қуриш ёки реконструкция қилиш учун олинган ипотека кредитларини ҳамда улар бўйича ҳисобланган фоизларни тўлаш учун йўналтирилган иш ҳақи ва бошқа даромадлари жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмайди.

Шунингдек, имтиёз қарз олувчи ва бирга қарз олувчилар даромадининг бир солиқ даврида меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 80 бараваридан (73,6 млн сўм) ошмаган қисмига татбиқ этилади. Ҳозир бу миқдор қарийб 5 баробар кам — 15 млн сўм.

Молия вазири ўринбосари Дилшод Султонов «Ўзбекистон 24» телеканалига берган интервьюсида мазкур ҳужжатда ипотека кредити олган оилалар учун имтиёзлар кенгайтирилганини айтганди.

«Биринчидан солиққа тортилмайдиган (фуқароларнинг даромади) минимум ошди. Агар бу йил йилига 15 миллион сўм бўлса, яъни оила 1,5 миллион сўм солиқ имтиёзи олиши мумкин эди. Келгуси йилдан бошлаб бу миқдор 73,5 миллион сўмни ёки энг кам ойлик иш ҳақининг 80 баробарини ташкил этади. Яъни, энди ойига 1,5 миллион сўм эмас, 6 миллион сўм. Бир йилда ипотека кредити олган оиланинг жамғармаси 9 миллион сўмни ташкил этади» — деди у.

Бундан ташқари, 2023 йилдан бошлаб ипотека кредити ҳисобига сотиб олинган, қурилган ва реконструкция қилинган мол-мулк унга бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилган санадан эътиборан 36 ой ичида бегоналаштирилганда, мазкур қарорнинг 1-бандида назарда тутилган даромадлар белгиланган тартибда солиққа тортилади.

1 ноябрдан бошлаб, хусусий пудрат ташкилотлари томонидан тайёр ҳолда топшириш шартисиз қурилган уйлардаги квартираларни (хоналарга бўлинган ва пардоз ишларига тайёр) бирламчи уй-жой бозорида сотиб олиш учун ипотека кредитларини ажратишга ҳамда улар бўйича дастлабки бадалнинг ва ипотека кредити бўйича фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун субсидия тўлашга рухсат берилади.

«Агар илгари таъмирланган хонадон бўлиши кераклиги кўзда тутилган бўлса, 1 ноябрдан бошлаб фуқароларимизга бирламчи таъмири бўлмаган хонадонларни сотиб олиш ҳуқуқи берилади. Шунга кўра, бу уларга деворлар, девор қоғози ва бошқаларни танлаш имконини беради. Ҳозирги босқичда бу ипотека олиш харажатларини сезиларли даражада камайтиради, шунингдек, улар ўз уйларини ўзлари жиҳозлашлари мумкин бўлади», — деди Молия вазирлиги раҳбари ўринбосари.

Шу билан бирга 2021 йилда янги тартиб асосида ипотека кредитлари ажратишнинг мақсадли параметрлари доирасида берилган субсидия ажратиш тўғрисидаги хабарномаларнинг амал қилиш муддати 2022 йил 31 декабрга қадар узайтирилади.

Бундан ташқари, давлат бюджетини қўллаб-қувватлаш учун жалб этилган маблағлар ҳисобидан «Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси» аксиядорлик жамияти тижорат банклари томонидан аҳолига берилган ипотека кредитларини қайта молиялаштириш учун 3 йил муддатга 12 фоиз ставкада ва фоиз тўловларини ҳар 6 ойда тўлаш шарти билан 300 миллиард сўмгача бюджет ссудасини ажратиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Бунда компания ресурсларни тижорат банкларига 1 фоиздан кўп бўлмаган миқдорда маржа қўллаган ҳолда жойлаштиради.

Президент Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ва вилоятлар ҳокимлари йил якунига қадар уй-жойларни сотиб олиш ва ипотека кредитларини расмийлаштириш жараёнларида фуқароларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида вилоятлар марказларида Тошкент шаҳри тажрибаси асосида ипотека марказларини ташкил этиш вазифасини берди. Уларда ҳудудда уй-жой қурилишини амалга ошираётган қурилиш-пудрат (девелопер) ташкилотларининг сотув офисларини, тижорат банкларининг банк бурчаги ва кассаларини ҳамда хусусий нотариал идораларни жойлаштириш чораларини кўрилади.

Шавкат Мирзиёев аввалроқ 1 сентябрга қадар ипотека кредити беришда банкларга аҳоли даромадларига қўйиладиган талабларни енгиллаштириш бўйича қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш борасида топшириқ берганди.