Президент Шавкат Мирзиёев раислигида 6 июль куни архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик бўйича устувор вазифалар муҳокамаси юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказилди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Йиғилишда ипотека кредитларидан фойдаланиш даражаси кўриб чиқилди. жорий йилда 43 мингта уй-жой учун бюджетда банкларга 13 трлн сўм ресурс кўзда тутилган бўлиб, ўтган олти ойда 3,6 трлн сўм (28 фоиз) ўзлаштирилган.

Шунингдек, 29 минг нафар аҳолига субсидия учун 1,2 трлн сўм ажратилган бўлсада, 8,5 минг нафарига 365 млрд сўм (30 фоиз) тўлаб берилган.

Ажратилган ресурс ва субсидияни ўзлаштириш даражаси Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё ва Тошкент вилоятларида 25 фоиздан паст.

Шавкат Мирзиёев 1 сентябрга қадар туман ва шаҳарларнинг қулай жойларида банк, молия, қурувчи ташкилотлар, нотариус, кадастр идоралари бир жойда ўтириб, аҳолига янги уй-жойлар лойиҳаси, нархи, кредит ва субсидия шартлари бўйича батафсил хизмат кўрсатадиган Ипотека марказларини ташкил қилишга кўрсатма берди.

Бир ой муддатда субсидия ажратишдаги бюрократияни камайтириш, қурилиш учун ерларни савдога чиқаришни 2 бараварга кўпайтириш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, президент фармони билан ипотека ва таълим кредитлари бўйича фоиз ставкалари 2022 йил охиригача ўзгаришсиз қолади.

Марказий банк аввалроқ жисмоний шахслар учун BankXizmatlari.uz молиявий банк хизматлари порталини ишга туширган эди. Бу депозитлар бўйича таклифларни солиштириш, кредитлар бўйича дастлабки ҳисоб-китобларни олиш ва энг қулай курсни аниқлаш имконини беради.