Ўзбекистонда 2022 йил август ойида кўчмас мулк олди-сотди шартномалари сони 26,5 мингтани ташкил этди. Бу жорий йилнинг июль ойига (20,3 минг) нисбатан 30 фоизга (+6,2 минг) кўп. Йил бошидан буён уй-жой савдосининг ўсиши 8,5 фоиз (172,7 минг) бўлди, дея келтирилади Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази шарҳида.

Август ойида ипотека кредитлаш ҳажмининг июль ойига нисбатан 37 фоизга кескин ўсиши (1,1 трлн сўмдан 1,5 трлн сўмгача) барча ҳудудларда савдо ҳажмининг ижобий динамикасига таъсир кўрсатди.

Қорақалпоғистонда 2,3 баробар, Самарқанд 75 фоиз ва Жиззах вилоятларида 41 фоиз юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. 2021 йил август ойи билан таққослаганда кўчмас мулк олди-сотди бўйича шартномалар сони 22 фоизга (4,7 мингта) ошди.

Тошкент шаҳри ва вилоят административ марказларида иккиламчи уй-жой бозоридаги нархлар ўзгариши (1 кв метр учун АҚШ долларида)

Шунингдек, иккиламчи бозорда уй-жой ўртача нархлари ўсиши ойига 0,5 фоизни ташкил этди (июнь ойида — 2,7 фоиз, июль ойида-2,5 фоиз). Уй-жой нархининг сезиларли ўсиши Хоразм — 6,1 фоиз, Қашқадарё — 1,9 фоиз ва Фарғона — 1,8 фоиз вилоятларида кузатилмоқда.

Нархнинг пасайиши эса Сурхондарё — 5,3 фоиз, Андижон — 2,1 фоиз, Сирдарё — 1,2 фоиз ва Навоий — 1,1 фоиз вилоятларида қайд этилди.

Тошкент шаҳрида эса иккиламчи кўчмас мулк бозорида нархлар ўсиши бироз секинлашди ва 1,4 фоизни ташкил этди (июнь ойида 2,4 фоиз, июль ойида 2,9 фоиз). Уй-жой нархининг энг катта ўсиши Чилонзор, Олмазор ва Шайхонтоҳур туманларида қайд этилди. Сергели туманида нархларнинг пасайиши кузатилди.

Шу билан бирга, йил бошидан буён пойтахтда уй-жой ўртача нархлари 13 фоизга (республика бўйича 7 фоиз) ошди, бу уй-жойга бўлган талабнинг, шу жумладан, чет эл фуқароларининг кириб келиши ортиб бораётганидан далолат беради.