Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти (ПМТИ) мутахассислари пиёдалар кийимининг ранги йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олишда қандай аҳамиятга эга эканлигини таҳлил қилди.

ИИВ Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярмида Ўзбекистонда 3559 та ЙТҲ содир бўлиб, уларда 2775 киши турли даражадаги тан жароҳатларини олган, 784 нафари эса ҳаётдан кўз юмган. Ҳар тўртинчи бахтсиз ҳодисага тезликнинг белгиланган меъёрдан оширилиши сабаб бўлган, 47 фоизида пиёдалар уриб юборилган.

ЙТҲлар катта иқтисодий харажатларга олиб келади. Масалан, ЖССТ маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисаларида 1,3 миллион киши ҳаётдан бевақт кўз юмади ва 20 милллион нафардан 50 миллион нафаргача одам турли ҳил тан жароҳатларини олади. «Йўл ҳаракати хавфсизлигига сармоя киритиш: глобал хусусий сектор мажбурияти» номли тадқиқотда бахтсиз ҳодисалар дунё иқтисодиётига йилига 518 миллиард доллар зарар келтириши ҳисоблаб чиқилган.

‍️ Жаҳон банки ҳисоботига кўра, йўл-транспорт ҳодисалари туфайли ҳаётдан кўз юмиш ва жароҳат олиш билан боғлиқ ҳолатлар иқтисодий ривожланишнинг ўрта ва узоқ муддатли истиқболларига таъсир қилади, чунки улар катта ёшдаги одамларни меҳнатга лаёқатлилар сафидан чиқаради ва жароҳат оқибатида меҳнат унумдорлигини пасайтиради.

135 та мамлакатда ўлим даражаси ва иқтисодий кўрсаткичлар бўйича батафсил маълумотлардан фойдаланган ҳолда, тадқиқот муаллифлари бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўлим билан боғлиқ ҳолатларнинг ўртача 10% га камайиши реал ЯИМнинг аҳоли жон бошига тўғри келадиган улушини 24 йил давомида 3,6 фоизга оширишини аниқлади.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, ПМТИ тунги вақтда пиёдалар кийимининг ранги қай даражада кўринишини намойиш этувчи инфографикани тайёрлади. Ёруғликни қайтарувчи элементлар 130 метрдан кўринади. Бу эса соатига 80 км тезликда ҳаракатланаётган автомобильнинг ҳам ўз вақтида тўхташига имкон беради. Ёрқин ранглар (сариқ, оқ) 37−55 метр масофадан кўринади. Агар кўк ранг 17 метр масофадан кўринса, қора ранг деярли кўринмайди.

пмти

Маълум бўладики ёрқин рангдаги кийимлар йўл-транспорт ҳодисаларига учрамаслик имкониятини янада оширади.

Шу билан бир қаторда, пиёдалар кўп ўтадиган жойларда (жамоат жойлари яқинида, турар жой мавзеларида) тезликни инфратузилмавий муҳандислик воситалари ёрдамида чеклаш амалиётини кенг миқёсда давом эттириш мақсадга мувофиқ. Масалан, жаҳон амалиётида йўл сатҳидан бироз баландроқ пиёдалар йўлаги, пиёдалар ўтадиган жойларда йўлнинг қатнов қисмини торайтириш, сунъий бурилишлар ва бошқа усуллар қўлланилади.