Тошкент шаҳри Чилонзор туманида сохта шартнома орқали уй-жой сотмоқчи бўлган шахс ушланди, дея хабар бермоқда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти.

Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилди.

Аниқланишича, «Sh.X.» МЧЖ раҳбари Ш. А. фуқаро Х.нинг ишончига кириб, унга гўёки Сергели тумани ҳудудидан 9 қаватли турар-жой мажмуасини қураётганини айтиб, ушбу турар-жой мажмуасидан 89 квадрат метрли хонадонни 480 млн сўмга сотишга келишган.

У бунинг эвазига сохта шартнома тақдим этиб, 10 000 АҚШ доллари ва 130 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланклар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.