Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятида туризм бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилишни буюрди. У бу ҳақда Нурафшонда халқ вакиллари билан суҳбат вақтида айтиб ўтди, деб хабар қилди ЎзА.

Бу билан давлат раҳбари Тошкент вилоятидаги туризм соҳаси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганини танқид қилди.

«Дам олиш кунлари Тошкент вилояти йўлларида катта тирбандликлар бўлади. Чунки ҳамма Бўстонлиққа чиқади. Нега Паркентда ҳам шунақа тизим қилмаймиз? Паркент шашлиги ва сомсасини кўпчилик яхши кўради-ку», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунга кўра, президент масъулларга вилоятда туризм бўйича фавқулодда ҳолат эълон қилишни буюрганини қайд этди. «Асосий юк Бўстонлиққа тушяпти, лекин бу ерда ҳам лойиҳалар охирига етказилмаган, ўз ҳолига ташлаб қўйилган», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, имкониятлар етарлича, бироқ улардан фойдаланилмаяпти. «Одамларга шароит яратиб берилса, дам олишга чиқишни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Худога шукр, халқимизда пул бор. Лекин уларга етарли шароит йўқ», — дея танқид қилди у.

«Паркент, Ангрен ва Оҳангарон тоғли ҳудудларида замонавий туризм кластерларини ташкил этиш ишларини бошлаш вақти келди», — деди давлат раҳбари.