Президент Шавкат Мирзиёев 22 сентябрь куни Нурафшон шаҳрида халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгаши сессиясида иштирок этмоқда. Бу ҳақда унинг матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.

Фаоллар билан суҳбатда давлат раҳбари Қирғизистон билан чегара масаласидаги музокараларга ҳам тўхталиб ўтди.

«Тасаввур қилинглар, аввал Тошкент вилоятидаги чегараларимизда миналар турарди. Одамлар қариндошларининг на тўйига бора оларди, на азасига. Шахсан ўзим назорат қилиб миналарни олдирдим. Ҳозир бемалол бориб-келишяпти», — дея президент сўзидан иқтибос келтирмоқда Хушнудбек.

Унинг сўзларига кўра, халқаро ташкилотлар ва бошқа давлатлар миналарни олишда ўртада воситачи бўлишни таклиф қилишган. «лекин рад қилдим. Чунки бунга ўзимизнинг ҳам кучимиз етади. Ахир қўшнимиз билан қандай қилиб ёмон бўлишимиз мумкин?!», — деди давлат раҳбари.

Қирғизистон билан чегара масаласидаги музокаралар якунига етиб, шартнома имзолаш арафасида эканлиги таъкидланди.

«Мана, куни-кеча Қирғиз республикаси президенти Садир Жапаров БМТ минбарида Ўзбекистон чегарасига оид шартномани имзолашга тайёрлигини маълум қилибди. Бу бежизгамас. Чунки биз 1 ярим йил давомида катта музокаралар ўтказдик, осон бўлгани йўқ. Бир қарич ер ҳам барча давлатга муҳим. Мустаҳкам дўстлигимиз учун охири келишувга эришдик», — деди Шавкат Мирзиёев.