Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати 22 сентябр куни соат 04:24 да Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги корхоналарнинг бирида содир бўлган ёнғин юзасидан маълумот берди.

Маълум қилинишича, шаҳардаги «Марғилон дарвозаси» МФЙ Навоий кўчасида жойлашган ишлаб чиқариш корхонасида ёнғин содир бўлаётганлиги тўғрисида вилоят ФВБга хабар келиб тушган. Шунга кўра, 13 та ёнғин-қутқарув экипажи воқеа жойига соат 04:26 да етиб борган.

Ёнғин соат 06:20 да қуршаб олинган ва соат 07:20 да бартараф этилган. Воқеа оқибатида корхона биносининг тахминан 300 квадрат метр майдонида том қисми ёниб зарарланган.

«Ҳодиса оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ. Ҳозирда ёнғинни келиб чиқиш сабаби ва моддий зарар миқдори аниқланмоқда», — дейилади хабарда.