Жиззах давлат ўрмон хўжалиги бошқармаси ўрмон нозири ер майдонида ноқонуний кесилган дарахтлар бўйича жарима қўлламаслик учун пора олган вақтида ушланди. Бу Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент ҳамда ДХХнинг Жиззах вилояти бошқармалари ўтказган тезкор тадбирда маълум бўлди.

Ўрмон нозири Р.М. фуқаро У.дан унга боғдорчилик учун ижарага берилган ер майдонида 14 дона терак ва қайрағоч дарахти ноқонуний кесилиши ҳолати юзасидан жарима қўлламаслик эвазига 3 млн сўм пора талаб қилган. Уни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов давом этяпти.