19 сентярбрь куни Хитой, Қирғизистон, Ўзбекистон ва Афғонистон давлатлари ўртасида товарлар етказиб беришни жадаллаштириш ва логистика инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида биринчи поезд қатнови йўлга қўйилди, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти матбуот хизмати.

Айни пайтда «Қашғар-Ўш-Андижон-Ғалаба-Ҳайратон» янги транзит йўналиши бўйича 12 дона 40 футлик контейнердан иборат биринчи поезд Ўзбекистон ҳудуди орқали йўлга чиқди. Ўзбекистон мамлакат орқали ташишда 70 фоизлик чегирма тақдим этди. Бошқа иштирокчи давлатлар томонидан эса 50 фоизгача бўлган тариф имтиёзлари берилди.

«Юк таркибига озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, маиший техника ва хўжалик эҳтиёжлари учун мўлжалланган маҳсулотлар киради. Товарлар Хитой томонидан контейнерларга шакллантирилиб, Ўш вокзалида Ўзбекистонга тегишли фиттинг платформаларига ортилган. Поезднинг сўнгги манзилига темир йўл орқали етиб келиши икки кундан кейин режалаштирилган», — дейилади хабарда.

Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, ушбу мультимодал йўналиш бўйича пилот лойиҳанинг барча нуанслари ишлаб чиқилгандан сўнг, биргина Афғонистон йўналишидаги юк айланмаси йилига 4000 дан ортиқ контейнерни ташкил қилади.

«Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон-Афғонистон» янги мултимодал йўлаги бўйлаб юк ташиш Қашғар темир йўл вокзалидан (Хитой) Ўш темир йўл вокзалига (Қирғизистон) автомобил йўли орқали, сўнгра Ўзбекистон орқали Мозори Шариф вокзалига қадар амалга оширилади. Мазкур йўналиш бўйича Ўзбекистонда бош экспедитор «Ўзтемирйўлконтейнер» аксиядорлик жамияти ҳисобланади.