20 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди, дея хабар қилмоқда президент матбуот хизмати.

Давлат раҳбарлари Қирғизистон-Тожикистон чегараси яқинида юз берган фожиали воқеалар юзасидан фикр алмашди. Шавкат Мирзиёев қурбон бўлганларнинг оилалари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирди ҳамда вазиятнинг авж олишини тўхтатиш бўйича икки томонлама келишувларга эришилганини чин дилдан олқишлади.

Ўзбекистон ва Қирғизистон етакчилари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида ўтказилган тадбирларнинг сермаҳсул якунларини муҳокама қилди.

Устувор йўналишлардаги кооперация лойиҳалари бўйича келишувларни рўёбга чиқариш, шу жумладан «Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон» темир йўлини қуриш лойиҳасини илгари суриш муҳимлиги алоҳида таъкидланди.

Бўлажак олий даражадаги, шу жумладан минтақавий тузилмалар доирасидаги учрашувларга тайёргарликнинг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Бундан аввал Шавкат Мирзиёев Тожикистон президенти билан тожик-қирғиз чегарасидаги вазиятни муҳокама қилганди.