Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси «Зеварда» конида «Ўзбекнефтгаз» компанияси бурғилаш, газ қазиб чиқариш ва қайта ишлаш корхоналарининг корхоналарининг 2023 йил учун эҳтиёжлари очиқ тақдимоти ўтказилди, дея хабар қилмоқда «Газета.uz» мухбири.

Тақдимот очилишида видеоконференцалоқа орқали иштирок этган компания бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаевнинг таъкидлашича, олиб борилган ишлар натижасида сўнгги 3 йилда тармоқ маҳаллийлаштириш дастури доирасида 7,8 трлн сўмлик 57 та янги маҳсулот ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Жамиятнинг умумий харидлари ҳажмида маҳаллий маҳсулот ва хизматлар улуши 2018 йилдаги 17 фоиздан 2021 йилда 28 фоизгача ортди.


Шу билан бир қаторда импортни қисқартириш, ички бозор имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш натижасида импорт ҳажми 2018 йилдаги 865 млн АҚШ долларидан 2021 йилда 486 млн долларигача ёки 1,8 бараваргача қисқартирилди.

«Самарали кооперация ҳамкорлиги натижасида бугунги кунга келиб республикамизда нефтгаз корхоналари учун маҳсулот ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган 50 дан ортиқ салоҳиятли маҳаллий ишлаб чиқарувчилар шаклланганди», — дея таъкидлади компания бошқаруви раиси.


Ўтган йилларда тизим корхоналари томонидан электрон кооперация порталида умумий қиймати 1,37 трлн сўмлик 5 мингга яқин шартномалар тузилди. Жами шартномалар миқдорида «Ўзбекнефтгаз» улуши 14 фоизни ташкил этиб, республика корхоналари орасида 2-ўринда қайд этилди.

«Тадбиркорлар, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан „маҳсулотбай“ режимида саноат кооперация ҳамкорлигини кенгайтириш мақсадида жорий йилдан бошлаб тадбиркорлар билан бевосита саноат корхонасининг ўзида мулоқотлар ташкил қилиш механизми йўлга қўйилди», — дея маълум қилди Меҳриддин Абдуллаев. — Ушбу тадбирларда эришилган келишувлар доирасида умумий қиймати 82,3 млрд сўмлик шартномалар электрон кооперацион портали орқали имзоланиб 7,6 млн долларлик импорт қисқартирилишига эришилди".


Компания харид портфелига кўра, 2023 йилда «Ўзбекнефтгаз» компанияси хўжалик фаолияти учун умумий эҳтиёжлар 3,6 трнл сўмни ташкил этади, шундан 2,1 трлн сўм ёки 58,1 фоизи маҳсулотлар, бутловчи буюм ва материаллар бўлса, 1,5 трлн сўми ёки 41,9 фоизи хизматлардан иборат.

Қайд этилишича, маҳсулотларнинг 63,2 фоизини маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва етказиб берувчилар импорт орқали таъминлаш режалаштирилаётган бўлса, хизматларда бу кўрсаткич 56 фоизни ташкил этади.

Мазкур тақдимотда Россия, Озарбайжон, Хитой, Уммон каби давлатларнинг нефть-газ соҳасидаги йирик компаниялар раҳбар ва етакчилари ҳам иштирок этди. Шунингдек, хорижий ва маҳаллий компанияларининг маҳаллийлаштириш доирасидаги инвестиция лойиҳалари тақдимотлари ўтказилди.

Тақдимот доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ва нефть-газ соҳаси корхоналари вакиллари ўртасида юзма-юз музокаралар ўтказиш имконияти ҳам яратилди.