Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда ички ва ташқи туризм салоҳиятини ошириш бўйича ўтказган йиғилишида ҳамма вилоят, шаҳар ва туманларда сайёҳлар борадиган жойларни кўпайтириш кераклиги қайд этилди. Президент матбуот котиби Шерзод Асадов унинг сўзларидан иқтибос келтирди.

«Ҳар бир ҳоким ўзига шундай саволни берсин: „менинг вилоятим, шаҳар ва туманимга сайёҳлар қаерга ва нимани кўришга келади?“ Қайси ҳоким шу саволга тўғри жавоб топиб, туризм дастурларини қилса, албатта ўзгариш бўлади», — деди президент.

Ҳар бир вилоят ҳокимига ички ва четдан турист жалб қилиш бўйича ўзининг «туристик ҳалқаси»ни ташкил этиш бўйича лойиҳасини ишлаб чиқиш топширилди. Энг яхши лойиҳаларга танлов асосида 20 млн долларгача кредит ажратилади.

Шунингдек, президент Марказий банкка берилган 1 трлн сўмлик кредит ресурсларини ажратиш, йил якунига қадар яна қўшимча 100 млн доллар хорижий кредит линияларини жалб қилиш топшириғи бўйича маблағлар ҳали тадбиркорларга етиб бормаганини танқид қилди.

Агар 1 трлн сўм маблағлар тижорат банкларига жойлаштирилмаса, Марказий банк раҳбариятига нисбатан қатъий чоралар кўрилиши айтилди.

Йиғилишда 1 ноябргача туризм хизматлари учун 100 мимлнллион долларлик кредит линиясини очиш, йил якунига қадар келгуси йил учун яна қўшимча 100 млн доллар жалб қилиш топширилди.

Шунингдек, мутасаддиларга:

  • барча сув омборлари, ўрмон хўжалиги ерларини ўрганиб, уларда туристик зоналар ташкил этиш бўйича дастур ишлаб чиқиш;
  • божхона-чегара пунктларидан тезкор ўтказиш хизматини йўлга қўйиш, туристик ахборот марказларини ишга тушириш бўйича таклиф киритиш;
  • Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё, Навоий, Сурхондарё, Фарғона ва Хоразмнинг чўл ҳудудларида «сафари» туризмини ривожлантириш мақсадида йўл танламас транспортлар учун импорт тўловларини тушириш таклифини киритиш топширилди.