Президент Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Ўзбекистоннинг ички ва ташқи туризм салоҳиятини янада ошириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида мамлакатнинг зиёрат туризми имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш зарурлигини гапирди.

Хусусан, Молия вазирлигига Бухорода зиёрат туризми объектлари инфратузилмасини яхшилаш учун маҳаллий бюджетга 40 млрд сўм ажратиш топширилди. Шунингдек, Туризм вазирлиги олдига зиёрат туризми салоҳияти юқори Индонезия, Малайзия, Ҳиндистон, Покистон, Бангладеш ва араб давлатларидан Самарқанд, Бухоро ва Тошкентга авиарейсларни кўпайтириш вазифаси қўйилди.

«Мутасаддиларга мамлакатимиздаги 1,2 мингдан зиёд зиёратгоҳлар имкониятларини тўлиқ ишга солиб, йилига камида 1 млн сайёҳ жалб қилиш дастурини тасдиқлашга кўрсатма берилди. Зиёратга келаётган туристларнинг мазҳаби, тариқати, ёндашуви ҳар хиллигини инобатга олиб, қайси дин ёки мазҳаб вакилларига қандай овқатлар таклиф қилишни, меҳмонхона ва ибодат жойларини қандай жиҳозлашни илмий ёндашувларсиз қилиб бўлмаслиги кўрсатиб ўтилди», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, мажлисда муқаддас жойлар, авлиё ва пирлар ҳақида маълумот бера оладиган мутахассислар ва гидлар ҳам камлиги айтилди. Шу муносабат билан Ислом академияси, «Ипак йўли» университетига зиёрат туризми оқими кўп бўлган давлатлар учун илмий асосланган ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев ички ва ташқи туризм салоҳиятини оширишда ишларни етарли даражада ташкил этмагани учун Қашқадарё вилояти ҳокими Муротжон Азимовга ҳайфсан берганди. Шунингдек, 14 та туман ҳокимини бугун ишдан олиб, ўзгариш қилиш учун уларга уч ой синов муддати берилишини айтганди.