Шавкат Мирзиёев туризм соҳасини ривожлантиришга бағишланган йиғилишда транспорт вазири Илҳом Маҳкамовнинг уйғонадиган вақти келгани ҳақида гапирди.

«Энди транспорт вазири Маҳкамов ҳам уйғонадиган вақт келди», — дея таъкидлади президент.

Шунингдек, у Транспорт вазирлигига турли вазифаларни юклади:

Хусусан, барча давлатларнинг авиацияга масъул идоралари Самарқанд аэропортида хорижий авиакомпаниялар рейслари ва йўналишларига бўлган барча чекловлар олиб ташланганини етказади.

Хорижий авиакомпаниялар билан келишувга эришиб, Самарқандга Европа, Осиё, Америка, Араб давлатлари ҳамда қўшни мамлакатлардан кунига камида 10 та халқаро рейсларни йўлга қўйиши керак бўлади.

Шунингдек, водий, Нукус, Урганч ва Термиздан ҳар куни камида 1 та авиақатновни йўлга қўйиш вазифаси топширилди.

Вазирлар Маҳкамасига бир ой муддатда Самарқандда бир йиллик халқаро учрашувлар ва анжуманларни ўтказиш дастурини тасдиқлаш топшириғи берилди.

Президент беш кун муддатда Самарқанддаги янги мажмуаларни ишлатиш, бунинг учун қўшимча имтиёз ва енгилликлар бериш бўйича алоҳида қарор лойиҳасини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

Бундан ташқари, Самарқандда барпо этилган янги аэропорт, 8 та меҳмонхона, конгресс-холл, парк, бошқа кўнгилочар ва дам олиш мажмуалари — мамлакатимиз тарихида янги туризм дарвозаси ва Янги Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айланишига аминман», — деди у.

Энди уларни ҳам аҳоли, ҳам хорижий сайёҳлар учун ишлатиш кераклиги таъкидланди. Шу боис Ташқи ишлар вазирлигига:

  • «Самарқанд — Янги Ўзбекистоннинг туризм дарвозаси» тарғибот кампаниясини ўтказиш;
  • Самарқандга сайёҳлар оқимини ошириш бўйича «йўл харитаси»ни тасдиқлаш топширилди.

Элчихоналарнинг олдига хорижий мамлакатларда тарғибот кампанияси, хорижий оммавий ахборот воситалари, машҳур туристик блогерлар учун пресс-турлар ташкил этиш топшириғи қўйилди.