Тошкент давлат педагогика университети талабасини эрини рашк қилган аёл самосуд қилгани акс этган видео тарқалди. Университет матбуот хизмати ҳолат юзасидан муносабат билдирди.

Ўрганишларга кўра, университет талабаси Ю.Р. доимий яшаш жойи Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманидан Ж. исмли йигитнинг автомошинасида ота-онаси томонидан юборилган почта (озиқ овқат маҳсулотлари)ни икки марта қабул қилиб олган. Талаба қизга ота-онасидан юборилган почтани Ж. исмли шахс университетга олиб келганида унинг аёли (видеодаги аёл) ҳам ёнида бўлган.

Тарқалган видеоларда аёл қизга қарата эрининг телефон рақамини нима сабабдан блок қилмаганини сўрайди. Қиз эса бир неча марталаб блок қилганини, ҳатто 3 нафар боласи ҳам борлигини билишини айтади. Видео сўнггида эса аёл қизга ташланиб кетади.

«Бир неча кундан кейин содир бўлган видеодаги жанжалли ҳолат талаба Ю.Р. учун ҳам тушунарсиз бўлиб, ушбу воқеа юзасидан талаба Ички ишлар идораларига ариза билан мурожаат қилган», — дейилади хабарда.

Университет матбуот хизмати шу ўринда ахборот тарқатувчилар ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан хаққоний ва холис ахборот тарқатишларини, айниқса билиб билмай қиз бола шаънига турли туҳматлар қилмасликларини сўраб қолган. Шунингдек, ушбу масала юзасидан Ички ишлар органи масъуллари томонидан тергов ишлари олиб борилаётган маълум қилган.