Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти мутахассислари Ўзбекистон ҳудудларида АКТнинг ривожланганлик ҳолатини баҳолаш мақсадида ITU методологиясига мувофиқ АКТнинг ривожланиш индекси асосида вилоятлар рейтингини тузди.

Ҳисоблаш учун асос сифатида AКТнинг ривожланиш индекси (IDI) танланди. IDI 3 гуруҳга ажратилган (AКТга уланиш имконияти, фойдаланиш даражаси ва фойдаланиш учун кўникмалар) 11 кўрсаткични жамлаган ҳолда ҳисобланади. Индекс 2015—2021 йиллар учун ҳисобланган. Aсосий натижаларга кўра:

  • Ўзбекистон бўйича индекснинг ўртача қиймати 2015 йилдаги 6,04 дан 2021 йилда 6,96 га кўтарилди.
  • 2021 йилда кучли учликка Тошкент шаҳри (индекс қиймати 9,28), Навоий (7,41) ва Бухоро (7,06) вилоятлари кирди.
  • Ўрганиш даврида индекснинг энг катта ўсиши Хоразм (+1,20), Қашқадарё (+1,18), Наманган (+1,15) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида (+1,12) қайд этилди.

Институт таҳлилларига кўра, ўрганилаётган даврда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида (Тошкент шаҳридан ташқари) индекс мутлақ кўрсаткичининг ўсиши кузатилган. Тошкент шаҳри индексининг пасайиши бошқа ҳудудларга нисбатан дастлабки даврдаги юқори кўрсаткичлар билан изоҳланиши мумкин. Шунга қарамай, Тошкент шаҳри 2021-йилда ҳам рейтинг бўйича сезиларли устунликни сақлаб қолди.

Мутахасссисларнинг хулоса қилишича, Ўзбекистон учун AКТнинг ривожланиш индекси соҳанинг ривожланишини ҳудудлар бўйича мамлакат ичида баҳолаш ва ягона кўрсаткич туфайли ривожланиш динамикасини кузатиш имконини беради.

«Рақамлаштириш одамлар ва товарларнинг бир жойдан иккинчи жойга етказилиши учун кетадаган харажатларни камайтириши мумкин. Бу эса ишчилар ва корхоналар учун жойлашувнинг аҳамиятини камайтиради. Натижада, минтақалардаги технологик тараққиёт хизматлардан фойдаланиш сифати ва имкониятларини яхшилаши, тадбиркорлик ва маҳаллий меҳнат бозорларини ривожлантириши мумкин», — дейилади хабарда.