XIV Тошкент халқаро кинофестивалида «Ўзбекфильм» киноконцернининг янгиланган павильони намойиш этилди ва «Баҳодир Ялангтўш» тарихий фильмининг суратга олиш ишларига старт берилди, дея хабар бермоқда Кинематография агентлиги ахборот хизмати.

Фильм афсонавий Самарқанд Регистонининг яратувчиси — Баҳодир Ялангтўш ҳақида ҳикоя қилади. У Регистон майдонида «Шердор» ва «Тиллакори» мадрасаларини бунёд этган. Фильмга Жаҳонгир Ахмедов режиссёрлик қилмоқда. Янги павильонда кинофестиваль меҳмонлари «Баҳодир Ялангтўш» тарихий фильмининг биринчи эпизоди суратга олинганини кўришди.

Янги панорамали павильон замонавий бадиий ва технологик савияда фильмлар суратга олиш имконини беради. Таъкидланишича, илгари йирик блокбастерлар ва жанговар фильмлар хромакей ёрдамида суратга олинган бўлса, бугун Stage Craft технологиясидан фойдаланиш билан ҳаммаси глобал миқёсда ўзгаради.

«Технология битта павильоннинг ўзида юқори сифатли тасвирни олиш имконини беради. Қимматбаҳо декорациялар ўрнига саҳнанинг орқа томонига керакли атмосферани тўлиқ етказиб бера оладиган йирик чоксиз LED панеллар ўрнатилди. Натижада виртуал оламнинг юқори сифатли тасвири экранда акс эттирилади ва оператор камерасига ҳеч қандай қийинчиликларсиз боғланади», — дейилади хабарда.