Ўзбекистонда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш бўйича умумий қиймати 506,8 млн доллардан ортиқ 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда «Газета.uz»га Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати хабар қилди.

Қайд этилишича, Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар раҳбарларининг Самарқандда бўлиб ўтадиган учрашуви доирасида кўплаб соҳаларда илмий-техник ҳамкорлик борасида аниқ режалар белгиланиб, уларнинг амалга оширилиши бўйича музокаралар олиб борилмоқда. Хитой раиси Си Цзиньпиннинг Ўзбекистонга ташрифи доирасида «Ўзбектелеком» АК мамлакатдаги мавжуд инфратузилмани модернизациялаш ва ҳамкорлар билан алоқаларни янада кенгайтириш бўйича бир қатор ишлар олиб бормоқда.

«Жумладан, „Huawei International PTE., Ltd.“ ва „TE Corporation“ компаниялари Хитой ва Ўзбекистон халқларининг фаровонлиги йўлида ахборот-коммуникация технологиялари соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида, республикада телекоммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш бўйича умумий қиймати 506,8 млн доллардан ортиқ 4 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди», — дейилади хабарда.

Лойиҳаларни амалга ошириш бўйича «Huawei International PTE., Ltd.» ва «ZTE Corporation» корпорациялари ҳамда «Ўзбектелеком» АК ўртасида жами 8 та шартнома имзоланди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш доирасида икки босқичда республиканинг ғарбий ва шарқий ҳудудларида телекоммуникация тармоқлари ва рақамлаштиришга қаратилган инфратузилма ривожлантирилади, яъни, 1-босқичда:

  • 2 255 та 3G/4G стандартли база станцияларни ўрнатиш;
  • 3 216 та 3G/4G стандартли база станцияларини кенгайтириш ва модернизация қилиш;
  • 388 та 5G стандартли янги база станцияларини ўртаниш;
  • 337 408 та протли кенг полосали курилмаларига кенгайтириш;
  • 1 050 та оралиқда радиореле қурилмаларини ўрнатиш;
  • 42 та гибрид электростанцияларини ва 292 та дизель генераторларини ўрнатиш;
  • DWDM ва IP/MPLS қурилмаларини ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ишлари амалга оширилади.

2-босқичда эса:

  • 795 та 3G/4G стандартли база станцияларини ўрнатиш;
  • 1 495 та 3G/4G стандартли база станцияларини кенгайтириш ва модернизация қилиш;
  • 325 та 5G стандартли янги база станцияларини ўрнатиш;
  • DWDM ва IP/MPLS қурилмаларини ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш ишлари амалга оширилади.

Вазирликка кўра, лойиҳалар натижасида аҳолининг телекоммуникация хизматларидан фойдаланиш имкониятлари ва қамрови янада кенгайтирилади, кўрсатилаётган хизматлар сифати оширилади.

Халқаро аҳамиятга эга магистрал автомобил йўллари ва республика бўйлаб темир йўлларида юқори тезликдаги мобил интернет билан тўлиқ қамраб олишга ҳамда Тошкент шаҳрида ва барча вилоятлар марказларида бешинчи авлод 5G стандартидаги таянч база станциялари ўрнатишга, маълумотларни узатиш ва магистрал транспорт тармоқларининг ўтказувчанлик қобилияти кенгайтиришга эришилади.