Олий Мажлис Сенатининг ўттиз иккинчи ялпи мажлисида сенаторлар «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни муҳокама қилди.

Ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишни кўзда тутадиган мазкур қонун сенаторлар томонидан соҳа экспертлари, вазирлик ва идоралар вакиллари иштирокида таҳлил қилинди ва унинг айрим моддаларининг нормаларида ноаниқликлар аниқланган.

Хусусан, қонуннинг 26-моддаси иккинчи қисмида вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошириш учун уюшган ҳолда Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқаролар ўзини ўзи банд қилган шахс мақомини олган шахсларга тенглаштирилиши ва уларга нисбатан ўзини ўзи банд қилган шахслар учун белгиланган солиқ солиш ва пенсия миқдорини ҳисоблаб чиқариш тартиби қўлланилиши қайд этилган.

«Ушбу модданинг тўртинчи қисмида эса уюшган ҳолда ишга жойлаштириш доирасида чиқиб кетаётган фуқароларга ушбу моддада назарда тутилган ижтимоий кафолатлар, башарти улар „Labor-migration“ ахборот тизимида рўйхатдан ўтказилган бўлса, берилиши шарти белгиланмоқда. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ҳам солиқларни тўлаш, пенсия миқдорини ҳамда меҳнат стажи ҳисоблашда қўшимча шартлар сифатида вазирлик ва идораларнинг ахборот тизимларида рўйхатдан ўтиш назарда тутилмаган. Бу меҳнат миграцияси йўли билан Ўзбекистондан чиқиб кетаётган фуқаролар учун назарда тутилган ижтимоий кафолатларни ахборот тизимида рўйхатдан ўтганидан сўнг бериш шарти Солиқ кодексининг 408-моддасига ва президентнинг 2020 йил 15 сентябрдаги қарорининг 12-бандига зид эканини англатади», — сенатор Анвар Тўйчиев.

Унинг сўзалрига кўра, қонуннинг 5-моддасида мажбурий меҳнат белгилари ва кўринишлари тўлиқ очиб берилмаган. Хусусан, иш бажаришга мажбурлаш деганда бирон-бир жазо қўллаш таҳдиди билангина чекланиб қолиши, зўравонлик тўғридан-тўғри қўлланиш ҳолатлари мавҳумлигича қолган.

Муҳокама жараёнида шунингдек, қонуннинг бошқа биронта моддасида фуқароларни касбга ва чет тилларига ўқитиш ҳамда уларга халқаро миқёсда тан олинадиган сертификатлар бериш тартиби тўғрисида нормалар акс эттирилмаган. Яъни, қонунда фуқароларни ким томонидан ўқитиш ёки сертификатлар бериш ёхуд қайси касбларга ўқитиш каби механизмлар етарлича очиб берилмагани айтиб ўтилди.

«Бундан ташқари қонунда 30 га яқин ҳавола қилувчи нормалар мавжудлиги, унинг тўғридан-тўғри амал қилишига салбий таъсир кўрсатиши, муайян органларнинг ўз ваколатларини суиистеъмол қилишига замин яратиши таъкидланди», — деди сенатор.

Муҳокамалардан сўнг, «Ташқи меҳнат миграцияси тўғрисида»ги қонунни рад қилиш тўғрисидаги Сенат қарори қабул қилинди.