Бунёдкор стадионининг дренаж тизими қайта ишлаб чиқилади, дея хабар бермоқда Ўзбекистон профессионал футбол лигаси бош директори Диёр Имомхўжаев.

Унинг таъкидлашича, стадионда шу вақтгача дренаж тизими ишлаётгандек таассурот қолдирган бўлса-да, аслида у умуман ишламаган. Сув шунчаки қумда қолиб, майсани чиритиб бораверган. Бу ҳақда у мутахассиснинг фикрини келтириб ўтган.

«Бунёдкор» стадиони майсаси майдон атрофини ўраб турган трибунанинг бетон деворидан таҳминан 2−2,5 метр чуқурликда бўлган. Бу эса майдон бўйлаб ҳаво айланишини қийинлаштирган.

Келтирилишича, айни вақтда майдон сатҳи суратда кўриниб тургани каби кўтарилди.

«Энди дренаж тизими қайта ишлаб чиқилади ва унинг усти стандарт бўйича қоплаб борилади. Натижада майдон сатҳи трибуна девори даражаси билан деярли тенглашади. Стадионда футбол кўриш янада ёқимлироқ бўлиб, футболчилар мухлисларга жуда яқин жойда кўриниш беради», — дея таъкидлади у.

Унинг сўзларига кўра, бу билан шамол айланиши, майса парвариши масаласидаги муаммолар ечилиши мақсад қилинган. Аввалги хатолар чеклаб ўтилади. Натижа қандай бўлишини эса вақт кўрсатади. Айни вақтда «Ўзбекнефтгаз» март ойидаги халқаро мусобақага қадар барчаси аъло даражада бўлиши учун барча ҳаракатни амалга ошираётганини кўриш мумкин, дейилади хабарда.

«Бунёдкор» стадиони 2012 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримов иштирокида тантанали очилганди. Мажмуа 37 гектар майдонни эгаллаб, асосий стадиондан ташқари яна еттита замонавий майдонга эга. Шунингдек, ҳудудда болалар ва ўсмирлар футбол мактаби, сузиш ҳавзаси ва бошқа спорт иншоотлари ҳамда бошқа инфратузилма объектлари мавжуд. Кечқурун стадион фасадини «Шарқ алангаси» деб номланган ёритиш тизими ёритади.

Шунингдек, ҳудудда «Ўзбекистон футболи тарихи музейи» жойлашган, унда «Бунёдкор» футбол клубининг кубоклари, Ўзбекистон футболига оид бошқа буюмлар, фотосуратлар ва кўргазмалар тақдим этилган.