Президент Администрацияси ва Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги масъул раҳбарлари иштирокида 6 сентябрь куни Миллий кадрлар захирасига олинган номзодлар иштирокида мулоқот ташкил этилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати хабар берди.

Мулоқот давомида бир гуруҳ давлат фуқаролик хизматчилари Миллий кадрлар захирасига олинди. Улар эндиликда агентлик томонидан ишлаб чиқилган махсус дастур асосида малака оширади. Номзодлар 2500 нафар давлат хизматчиси орасидан сараланди. Шунингдек, улар учун масофавий малака ошириш курслари йўлга қўйилди. Номзодлар учун вазирлик ва идораларда амалиёт, хорижий стажировка ҳам ташкил этилади.

«Тизим илғор хорижий тажриба ва миллий амалиёт уйғунлиги асосида такомиллашди. Мақсад — раҳбарликка тасодифан келиб қолишнинг олдини олиш, миллий, республика, тармоқ ва ҳудудий даражаларда профессионал тайёрланган самарали раҳбар кадрлар захирасини шакллантириш», — дейилади хабарда.

Шу билан бирга, номзодларнинг компетенцияларини баҳолаш мақсадида ҳудудий комиссиялар ва ишчи гуруҳ иштирокида 1300 дан ортиқ номзод билан суҳбатлар ташкил этилди. Натижаларга кўра, жами 761 нафар номзод кадрлар захирасига саралаб олинган (жами 246 та лавозимга ўртача 3 нафардан номзод).

Мулоқотда кадрлар захирасига киритилган номзодларнинг замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантириш орқали касбий компетенциясини ошириш мақсадида Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги томонидан бугундан бошлаб онлайн малака ошириш курслари бошлангани ҳақида маълум қилинди.

Мазкур малака ошириш курслари натижасида номзодларнинг ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий соҳадаги билимлари ҳамда раҳбарлик кўникмаларини янада ошириш режалаштирилган.

Маълумот ўрнида, Миллий кадрлар захираси — давлат фуқаролик хизматида раҳбар кадрлар таркибининг барқарорлиги ва сифатини таъминлаш, давлат фуқаролик хизматчисининг касбий компетенцияларини ошириш ҳамда хизматчиларни лавозим бўйича кўтариш мақсадида ташкил этилган.