Янги ўқув йилидан мамлакатнинг барча ҳудудларидаги 225 та умумтаълим мактаблар ногиронлиги бўлган болалар учун ўз эшикларини очади. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Болалар жамғармасининг (UNICEF) Тошкентдаги ваколатхонаси буни мамлакат тарихида мисли кўрилмаган қадам деб атади. Бу президентининг 2020 йил 13-октябрдаги 4860-сон қарори билан тасдиқланган 2020−2025 йилларга мўлжалланган халқ таълими тизимида инклюзив таълимни ривожлантириш концепсиясига мувофиқ амалга оширилмоқда.

«Биз бутун мамлакат бўйлаб инклюзив таълим йўлидаги бу илғор қадамни олқишлаймиз. Далиллар шуни кўрсатадики, инклюзив таълим барча болалар учун фойдали бўлиб, таълим натижаларини яхшилашда катта имкониятларни тақдим этади», — деди UNICEFнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамедзаде.

Таъкидланишича, Ўзбекистонда ногиронлиги бўдган болалар кўпинча алоҳида муассасаларда ўқитилади. 2020 йилда бундай болалар махсус муассасаларда тарбияланиётганларнинг 75 фоизини ташкил этган. Тахминан 9700та ногиронлиги бўлган болалар мактаб тизимида эмас.

Халқаро амалиёт шуни кўрсатдики, инклюзив таълимни жорий этиш таълим сифатини яхшилашнинг калитидир. Инклюзив таълим болаларга йўналтирилган (ўқув дастурларига эмас) ва ҳар бир боланинг, шу жумладан ногиронлиги бўлган болаларнинг эҳтиёжларига жавоб берадиган педагогикани қўллаш орқали барча болалар учун яхшироқ таълим натижаларини таъминлайди.

Португалия каби мамлакатларда ногиронлиги бўлган мактаб ёшидаги болаларнинг 98% дан ортиғи оддий мактабларда ўқиши туфайли таълим сифати кескин яхшиланган. Норвегияда ҳар бир ўқувчига мослаштирилган таълим, шунингдек, умумий болалар боғчалари ва мактабларида тақдим этиладиган махсус таълим хизматларидан яхши натижалар кутилмоқда. Ҳар икки давлат ҳам Халқаро талабаларни баҳолаш дастури (PISA) каби халқаро таълимни баҳолаш тизимида энг яхши натижаларга эришганлар қаторига киради.

«Бундан ташқари, инклюзив синфлар хилма-хилликни англашга ва ҳар бир инсон турли кучли ва заиф томонларга эга эканлигини тушунишга ёрдам беради. Ногиронлиги бўлган болалар, ҳар қандай бола каби, уларнинг салоҳиятини тўлиқ ривожлантириш учун қўллаб-қувватланса, жамият ривожига катта ҳисса қўшиши мумкин. Болалар бошқача бўлиш оддий ҳол эканини тушуниб борадилар, ўзларини янада қулай ва хавфсиз ҳис этадилар. Улар, шунингдек, турфа дунёда яшаш қобилиятини ривожлантирадилар ҳамда ижтимоий масъулият даражаси юқори бўлган ва ўз жамоаларини яхшилашга тайёр бўлган фаол фуқаролар бўлиб етишадилар», — дея қайд этган UNICEF.

Бутун дунё бўйлаб болалар мактабга қайтар экан, 10 ёшли болаларнинг учдан икки қисми оддий матнни ўқий олмаслиги хавотирли ҳолатдир. Бундай шароитда мактабдаги барча болалар, жумладан ногиронлиги бўлган болалар каби кўпинча ажратиб қўйиладиган гуруҳлар учун таълим сифатини ошириш зарурати кучаймоқда.

Хусусан, UNICEF ҳамкорлари билан барча болаларга, жумладан, ажратиб қўйилган болаларга билим ва кўникмаларини оширишлари учун асосий таълим бўйича ҳаракатлар мажбуриятини ишлаб чиқди ва ҳукуматларни бу борада шошилинч чоралар кўришга чақиради.

«225 та мактаб ўз эшикларини ногиронлиги бўлган болалар учун очиши барча болалар сифатли таълимга эга бўлишларини таъминлашда қатъий ва муҳим қадамдир. Бироқ мазкур мажбуриятнинг муваффақиятли бажарилишини таъминлаш барчанинг масъулиятидир: оилалар ўз фарзандларини мактабга олиб боришлари, маҳалла раҳбарлари ногиронлиги бўлган болаларга нисбатан стигма ва камситишларга чек қўйишда фаол бўлишлари, мактаблар эса бу болаларни кутиб олишга тайёр бўлиши керак», — дея қўшимча қилди Мунир Мамедзаде.

Бу йил UNICEF Халқ таълими вазирлигига ушбу намунавий мактабларда ҳар бир ўқувчи учун юқори сифатли таълимни таъминлайдиган янги инклюзив мактабларни моделлаштиришда ёрдам беради. 2018 йилдан бери UNICEF Халқ таълими вазирлигини кўникмаларга асосланган, инклюзив ва гендер масалаларини инобатга олган янги ўқув дастурлари, дарсликлар ва ўқув-методик материалларни ишлаб чиқишда қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ҳозирда ташкилот кўмагида ўқитувчилар учун янги қўлланмалар ишлаб чиқилмоқда.