АҚШ ўзининг Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) орқали Ўзбекистондаги фермерлар ва ўғит ишлаб чиқарувчиларга 2 млн долларлик ёрдам кўрсатишини эълон қилди. Ушбу янги маблағ аҳолининг заиф қатламларини ўсиб бораётган глобал озиқ-овқат инқирозидан ҳимоя қилишга ёрдам беради ҳамда Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган ўғитлар ҳажми ва сифатини оширишга йўналтирилади, деб хабар берди АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати.

«Юқори сифатли ўғитлар нархларининг ошиши ёки танқислиги туфайли уларнинг етишмаслиги фермер хўжаликларининг маҳсулдорлиги, ҳосилдорлик, фермерлар даромади, ҳатто иш ўринларининг шаклланишига салбий таъсир кўрсатади. Бу омиллар озиқ-овқат маҳсулотлари нархларининг ошишига олиб келади, — деди АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенблюм. — Ажратилаётган маблағ ҳисобидан USAID мамлакатда ўғитларни арзонлаштириш, уларнинг ишлаб чиқариш ҳажми ва сифатини ошириш учун янги технологияларни жорий этиш ҳамда фермерларга ўғитлардан самаралироқ фойдаланишни ўргатиш орқали Ўзбекистон фермерларини қўллаб-қувватлашга қаратилган саъй-ҳаракатларини кучайтирмоқда».

«Ўзбекистоннинг ўз озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш борасидаги салоҳиятини кучайтириш орқали USAID бошқа мамлакатларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига ҳаддан ташқари таъсирининг олдини олишга ёрдам беради», — дейилади пресс-релизда.

Ўтган йил давомида ўғитнинг жаҳон нархлари ўзининг энг юқори кўрсаткичларидан деярли икки бараварга ошиб, пандемия бошланганидан бери 200 фоизга ўсди. USAID Ўзбекистондаги ўғит ишлаб чиқарувчиларга ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш, сифатни яхшилаш ҳамда ўғитларни сотишдан маҳаллий ва минтақавий бозордаги улушини ошириш учун янги технологияларнинг жорий этилишини биргаликда молиялаштиради. USAID, шунингдек, 5 000 фермер ва қишлоқ хўжалигида экстеншн хизмат кўрсатувчилари учун ўғитлардан оқилона фойдаланиш бўйича илғор тажрибалар борасида тренинглар ташкил этади.

Маблағлар Германияда бўлиб ўтган G7 саммитида АҚШ президенти Жо Байден томонидан эълон қилинган глобал озиқ-овқат инқирози таъсирини бартараф этиш учун ажратилган жами 2,76 млрд долларлик кўмакнинг бир қисмидир. Бу маблағ G7 етакчилари томонидан глобал озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашга ажратилган тахминан 4,5 млрд доллар ёрдамнинг ярмидан кўпини ташкил қилади.

Ушбу ёрдам 50 га яқин мамлакат ва минтақавий ташкилот, жумладан, Ўзбекистоннинг озиқ-овқат, ўғит ва ёқилғининг жаҳон нархлари ошиши натижасида юзага келган аҳоли турмуш тарзининг пасайиши, очлик ва тўйиб овқатланмаслик эҳтимолининг янада кучайишига йўл қўймасликка қаратилган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайди.

«2022 йил 24 февралда Россиянинг Украинага қарши асоссиз уруши бошланганидан бери АҚШ глобал озиқ-овқат хавфсизлиги инқирозини бартараф этиш учун қарийб 7,6 млрд доллар миқдорида ёрдам ажратди», — дейилади АҚШ элчихонаси пресс-релизида.