24 август куни Тошкент шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши бўлиб ўтди, деб «Газета.uz»га хабар берди Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.

Унда Ҳиндистон, Қозоғистон, Қирғиз, Покистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон, шунингдек, ШҲТда кузатувчи давлат сифатидаги Беларус ҳарбий идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Тадбир аввалида Ўзбекистон Қуролли Кучлари Олий бош қўмондони Президент Шавкат Мирзиёевнинг мурожаати ўқиб эшиттирилди.

Унда мудофаа вазирлари йиғилиши ШҲТнинг макони ва ташқи чегараларда ҳарбий хавфсизликни таъминлаш мақсадида шериклик муносабатларини мустаҳкамлаш ҳамда қўшма қарорлар қабул қилишнинг самарали платформасига айлангани таъкидланди.

«Бугунги кунда бу, айниқса, дунёдаги ҳозирги қийин вазият беқарорлик билан характерланиши, халқаро минтақавий хавфсизликка анъанавий таҳдидлар кучайиши, янги узоқ муддатли кескинлик ўчоқлари пайдо бўлиши ва воқеаларнинг келгусида қандай ривожланишини башорат қилиш тобора қийинлашиб бораётганлиги сабабли долзарбдир», — дейилади президент мурожаатида.

«Ҳозирги шароитда Мудофаа вазирликларимизнинг амалий ҳамкорлиги ва ШҲТнинг масъулиятли ҳудудида умумий хавфсизликни таъминлашнинг самарали воситаларини ишлаб чиқиш учун муҳим аҳамият касб этмоқда», — дея қайд этилган мурожаатда.


Йиғилишда халқаро ва минтақавий хавфсизлик масалалари бўйича фикр алмашилди, мудофаа ва хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича истиқболли вазифалар белгиланди.

Йиғилишда нутқ сўзлаган Ўзбекистон мудофаа вазири Баҳодир Қурбонов шундай деди: «ШҲТнинг ривожланиши бизнинг кенг минтақамизда тинчлик, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга муҳим ҳисса қўшган ва қўшишда давом этмоқда. Шу муносабат билан биз салбий тенденциялар ва хавфсизлик таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича ҳамкорликни янада чуқурлаштиришимиз керак».

«Йиғилиш давомида ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида юқори даражадаги ўзаро тушуниш қайд этилди, хавфсизликни мустаҳкамлаш ва ташкилот маконида барқарорликни таъминлаш, шунингдек, COVID-19 пандемиясининг салбий оқибатларини бартараф этишда ҳамкорликни давом эттириш масалалари келишиб олинди», — дейилади вазирлик хабарида.


Йиғилишда ҳарбий-техник ҳамкорлик истиқболлари ва янги муаммоларга муносиб жавоб бериш учун саъй-ҳаракатларни бирлаштириш йўллари ҳам муҳокама қилинди. ШҲТга аъзо давлатлар ўртасида яхши қўшничиликни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, ШҲТнинг бошқа минтақавий ҳамкор ташкилотлар билан ҳамкорлигини ошириш масалалари кўриб чиқилди.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар мудофаа вазирларининг йиғилиши якунида қўшма баённома имзоланди, унда бир қатор тадбирлар, шу жумладан қўшма машғулотлар ва машқлар ўтказилиши кўзда тутилган.