Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 20 август куни «А.Ж.Раматовни «Меҳнат шуҳрати» ордени билан мукофотлаш тўғрисида»ги фармонни имзолади.

«Давлат идораларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, мамлакатимиз мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтириш, юртимизда кенг кўламли ислоҳотларни, йирик бунёдкорлик лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш, ҳудудларни комплекс ривожлантириш борасидаги улкан хизматлари, ташаббускорлик ва ташкилотчилик фазилатлари билан Ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини оширишга қўшаётган катта ҳиссаси, ёш авлодни она юртга садоқат руҳида тарбиялаш, юқори малакали кадрларни тайёрлаш йўлидаги ибратли фаолияти ҳамда таваллудининг 60 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари Ачилбай Жуманиязович Раматов „Меҳнат шуҳрати“ ордени билан мукофотлансин», — дейилади ҳужжатда.

Очилбой Раматов 1962 йил Хоразм вилоятида таваллуд топган. 2016 йилда Ўзбекистон бош вазирининг биринчи ўринбосари лавозимига тайинланган.

2019−2020 йилларда транспорт вазири, 2002−2019 йилларда «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси бошқарув раиси, 2018−2019 йилларда Ўзбекистон футбол федерацияси президенти, қолаверса, 2015−2020 йилларда сенатор сифатида ҳам ишлаган.

2012 йилдан бери эса Ўзбекистон бокс федерацияси президенти сифатида фаолият юритиб келмоқда.

У 2000 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган саноат ходими» давлат унвони, 2007 йил августида «Фидокорона хизматлари учун» ордени, 2011 йил августида «Эл-юрт ҳурмати» ордени, 2013 йилда «Ўзбекистон Қаҳрамони» унвони, 2015 йилда Россиянинг «Дўстлик» ордени билан тақдирланган.